май 18, 2020 14:23 Asia/Tashkent
  • Гулнора Каримова билан ишлаган тадбиркор ҳикояси

Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов президент Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, Ўзбекистондаги қатор йирик мулклар онасига тегишли бўлгани, аммо улар бугунги кунда талон-торож қилинаётганини билдирган. Онасини афв қилишларини сўраган ўғил бу узун рўйхатдаги мулклар қайси манбалар ҳисобига оила тасарруфига ўтгани тўғрисида сўз очмаган.

ВВС сайтининг ўзбекча талқинида бу мактуб бўйича тайёрланган мақоладаги рўйхатга кўз югуртирилса, кичик Каримов анчагина йирик мулкларга даъво қилаётгани маълум бўлади:

  • Ўзбекистон Почтаси;
  • Perfectum Mobile;
  • МДС;
  • Юқори технологияли жиҳозларга эга икки хусусий клиника;
  • Турли қурилиш лойиҳалари доирасида Тошкентнинг энг зўр жойларида қурилган 98та квартира;
  • Ўнлаб локациялари ва жиҳозлари билан Габусдаги акциялар;
  • Аэропортлар ва шаҳардаги савдо жойларига эга Duty Free;
  • Ucell акциялари;
  • Paynet акциялари;
  • Pepsi-Cola’нинг 26 фоиз акциялари;
  • Ўзбекистон ҳудудида расман иш бошлаган дистрибуцияга эга Levi’s, Benetton, Quicksilver, Mango ва бошқа биринчи рақамли брендлар дўконлари тармоғи;
  • Ҳинд, итальян, француз, хитой ва япон ошхоналарини татбиқ этишда биринчилардан бўлган 5та ресторан;
  • Энг замонавий жиҳозларга эга 4та кинотеатр;
  • Ўзбекистонда энг биринчилардан бўлган иккита спорт ва спа-клуби;
  • Қурилиш ишлари бошланган 20дан зиёд қурилиш нуқталари;
  • ИИВ биноси қаршисида илк бор қад ростлаганидан бери мавжуд бўлган «Корзинка» тармоғи акциялари;
  • Тошкент вилояти ва бошқа вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги майдонлари;
  • Чорвачилик фермалари;
  • Шаҳар марказидаги савдо майдонлари (20дан ортиқ нуқта);
  • Яшаш ва тижорий мақсаддаги биноларни ижарага бериш билан шуғулланувчи риэлторлик компаниялари (60дан зиёд).

Kun.uz мавзу юзасидан суриштирув ўтказди ва хатда тилга олинган инсонлардан айримлари билан боғланди.

Жасур Абдураҳмонов: «Гулнора Каримованинг турмуш қуриш таклифини рад этганим сабаб босим остида қолдим»

Жасур Абдураҳмонов, 2002 йилдан 2007 йилга қадар Гулнора Каримова билан боғлиқ қатор лойиҳаларда ишлаган. Тазйиқлар туфайли 2008 йилдан 2019 йилга қадар деярли 12 йил муддат хорижда яшашга мажбур бўлган.

– Гулнора Каримова билан қачон, ким орқали ва қандай танишгансиз?

– Гулнора билан (суҳбатдош бу мавзу бўйича сўзловчи кўпчиликдан фарқли равишда Гулнора Каримовани «Опа» деб атамади) 2002 йилда танишганмиз. Ўша пайтда ўзига яраша муваффақиятга эришган, қатор бизнес режаларни тузаётган тадбиркор эдим. Тўқимачилик соҳасида йирик лойиҳам бор эди. Унга кўра пахта экспортини камайтириб, тола ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мумкин бўларди. Бунинг зарурати йиллар ўтиб исботини топди ҳам.

Ўшанда бу лойиҳамга йирик ҳамкор изларканман, стилист Олеся Грушак орқали Гулнора билан учрашганман. Хаёлимда президентнинг қизи албатта бутун давлатга даромад келтирувчи лойиҳаларга эътибор беради, деган ишонч бўлган.

Гулнора Каримова эри Мансур Мақсудийдан ажрашганидан сўнг – 2002 йилнинг кузида «Coca-Cola Bottlers Uzbekistan» компаниясини ўз тасарруфига ўтказган пайтлар эди. Хўжалик ишларидаги тажрибам сабабми, ёки кимнингдир тавсияси биланми, унинг ўзи менга бошқача таклиф берди ва шундай деди: «Бу лойиҳангизга яна қайтамиз, сиз унгача «Кока-кола» заводида иш бошланг. Мен заводга бош директор ўринбосари лавозимига тайинландим ва кучим борича ишладим. Кейинчалик Гулноранинг яна қатор лойиҳаларида қатнашдим ва 2003 йилда «Қувасой цемент» заводига кузатув кенгаши раиси бўлиб ўтдим.

– Маълумотларга кўра, бу Гулнора Каримова билан боғлиқ охирги иш жойингиз. Шундайми?

– Гулнора мени ҳамиша ишлаб чиқаришнинг энг мураккаб нуқталарига жўнатарди. 2003 йилдан 2005 йилгача Қувасойда ишлаган бўлсам, завод фаолиятида жуда яхши натижаларга эришдик. Буни бир мисол билан тушунтираман – ўшанда йиллик қуввати 950 минг тонна бўлган заводда ишлаб чиқаришни йилига 1.080 минг тоннага чиқардик. Бунинг учун ҳатто бошқарув самарадорлиги бўйича Женевадан мукофот олиб келганман. Дивидендларни 1300 фоизгача кўтарган пайтларимиз бўлган.

Гулноранинг ўзи ҳам акционер сифатида расман дивиденд оларди. Корхона назорат пакети унинг ихтиёрида эди. Лекин даромадини корхона ривожланишига сарфламасди, олиб чиқиб кетарди.

2005 йилда мен Олий Мажлис депутатлигига сайландим.

Қувасойдаги фаолиятим иккимиз ўртамизга совуқчилик тушишидан олдинги охирги иш бўлганди.

– Муносабатларингиз нима сабаб билан дарз кетди?

– Энди бу гапларга ишониш қийин, лекин менинг ҳам ёлғон гапиришдан бирор манфаатим йўқ. Ишларим кўзга кўриниб қолган, ўзим ҳам спорт билан мунтазам шуғулланадиган, кўркам йигит эдим. Гулнорада кишини ром этиш хусусияти, мафтункорлиги бор эди. Суҳбатларнинг бирида у менга турмушга чиқиш нияти борлигини билдирди. Афсуски у «йўқ» деган жавобни эшитиб ўрганмаганди. Мен уч фарзандим борлигини, оиламдан ажрала олмаслигимни ётиғи билан тушунтирдим. Шунда «Топган барча нарсаларингиздан бир зумда ажраб қолишингиз мумкинлигини биласизми?» дея очиқ таҳдид қилганди.

2006 йилда «Қувасой цемент» сотувга қўйилганидан хабар топдим ва сотилишига қаршилик қилдим. Кейинчалик судда завод ишчилари ҳам бу фактни тасдиқладилар. Гулнора турли йўллар билан арзимаган пулга олган заводнинг назорат пакети менинг билишимча 35 млн долларга сотиб юборилди. Ҳолбуки бу завод 100 млн доллардан кам турмасди.

Шу сабаблар билан орамизга совуқчилик тушди ва мен ундан узоқлашиб кетдим, лекин бутунлай узилиб кетмадик. Депутатлигимни, ўзимнинг тўқимачилик лойиҳаларимни давом эттирдим.

2006 йил тугаб, 2007 йилга ўтилаётганда паспортимни сўрашди, бердим. Қайтариб беришганида Хитой визаси қўйилган экан. Ўша пайт отам бетоблиги учун бора олмаслигимни айтдим. Бу ҳам бир туртки бўлди. 2007 йилда отамни даволатиш учун Москвага кетаётганимизда борт кузатувчиси арзимас сабаб туфайли мени сўкди, мен жавоб қайтардим ва муштлашув содир бўлди. Кейин билсам, бу уюштирилган экан.

Ортимдан телефон қилиб қайтмасликни, менга нисбатан жиноят иши очилганини билдиришди. БААга кетдим, депутатлик ваколатидан ҳам ихтиёрий воз кечдим. Ортга қайтган отам оғирлашганда чегарани бузиб қайтишга мажбур бўлдим ва бир ой ёнида ўтирдим. Отамнинг ўлимидан 4 кун олдин мени қўлга олишди ва фақат жанозада чиқаришди. 2008 йил 1 апрелда Юнусобод туман суди 3 йил шартли муддат берди. Ўшанда Гулнора «Сени мен чиқариб олдим» деганди. Бу қанчалик ҳақиқат, билмайман.

2008 йилда Бекобод металлургия комбинати билан шартнома асосида ишлардим, металлом топширардим. 12 минг тонна маҳсулотим шу корхона тасарруфига ўтиб турган бир пайтда қўнғироқ бўлди. Гулнора бор активларимни унга топшириб, 24 соат ичида Ўзбекистонни тарк этишимни буюрди. Мен судланганимни, 3 йил чиқа олмаслигимни айтганимда 1 соатда суд бўлди, шартли қамоғимни ҳам олиб ташлашди. Зудлик билан Туркияга учдим, ортимдан оилам етиб борди.

Нима бирдан бунчалик ғазабини қўзғади, билмадим. Мен унинг жамоасидаги бевосита ишчиси бўлмаганман. «Кока кола» заводида ҳам директор ўринбосари сифатида заводдан ойлик олганман, «Қувасой цемент»да улушим ҳам йўқ эди ҳатто. Давлат структураларидаги инсонлар билан олди-бердиларига ҳам аралашмаган, судда ҳам мени ҳеч ким танимади.

Ўйлаб қарасам, уйланиш таклифида катта ҳикмат бўлган экан. Шу таклиф туфайли узоқлашдик ва мен кўп нарсадан четда қолдим. Агар шу таклиф бўлмай, олдингидай ишлайверганимизда, балки ўзим билмаган ҳолда катта жиноятларга аралашиб кетардим. Жуда кўпчилик йигитлар, қизлар аралашиб, ҳаётларини барбод қилдилар…

– Кичик Ислом Каримов очиқ мактубида сиз тўғрингизда ҳам алоҳида тўхталган. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Исломни болалигидан билардим. Онаси ўзим шуғулланадиган бокс залига олиб бориб машқ қилдиришимни тайинлаган, эркакларча ўсишини хоҳлаганди. Гулноранинг қизи Имоннинг туғилган кунларида у билан тенгдош фарзандларим меҳмон бўлишган.

Яқинда эълон қилинган очиқ хати очиғи мени ҳайрон қолдирди. Мен гўёки 100та квартира ёки жуда катта пулни озодлик учун пора сифатида берганмишман, Қирғизистон билан чегарани бузганим учун 12 йил қочиб юрган эмишман.

Менда берадиган 100та квартиранинг ўзи йўқ эди. Лекин 2018 йилда менинг ҳам улушим бўлган корхона янги уйлар қурилиши бошланиши олдидан шу уйлар битганида кам таъминланганларга шаҳарнинг исталган ҳудудидан 15та квартира тақдим этиш ташаббуси билан чиққан ва бу ҳақда далолатнома ҳам тузилган. Мен бундан бир йил ўтиб, 2019 йилда Ўзбекистонга қайтганман.

Чегарани бузганим рост, аммо Қирғизистон чегарасидан на қонуний, на ноқонуний, умуман ҳатлаб ўтмаганман. Отам касаллигида Қозоғистон чегарасидан ноқонуний ўтганимни юқорида тан олдим, бунинг учун жазо олганман ва суд бу жазони бекор қилган ҳам.

– Жараёнларда қисман таниш инсон сифатида айтинг-чи, кичик Ислом Каримов Лондонда қандай маблағлар ҳисобига яшаяпти?

– Мен фақат тахмин қила оламан, аниқ фактим йўқ. Ислом ўзи катта даромад қиладиган салоҳиятга эга эмас. Лондон қиммат шаҳар, яна у қиммат даргоҳда ўқийди. Билишимча, онасининг махсус ҳисоб рақамлари ёки қайсидир кўчмас мулклари ижарасидан даромад қилиб турибди.

– Гулнора Каримова билан яна кўришдингизми?

– Қайтганимдан кейин терговда юзлаштирилдик. Йиллар таъсирини ўтказган албатта, лекин тароватини йўқотмабди. Ўша уйланиш масаласи юзага чиққанида «Менинг ортимдан шаҳзодалар юрарди, бу ёлғон» деб тан олмади. Лекин гувоҳлар буни тасдиқлашди.

Кейинчалик судда ҳам бир неча марта иштирок этдим. Мен Гулнора билан унинг амбициялари у қадар кучаймаган пайтлари ишлагандим. Кейинчалик унинг доирасида қолган танишларим жудаям қуюшқондан чиқаётгани, ҳеч кимнинг гапини писанд қилмай қўйганини айтишганди. Рост экан. Мана шу муносабатни судда ҳам кўрсатди.

Фаолиятининг сўнгги йилларида мен Гулноранинг ёнида бўлмаганман. Лекин иштаҳаси акуладай ошиб кетгани, у аралашмаган бирор соҳа қолмагани, ўша соҳалардаги энг асосий даромадларни ўзига тортиб кетганига яна бир амин бўлдим. Қинғир йўллар билан орттирилган бойликлар рўйхатининг ўзи бир неча саҳифа эканлигидан ҳайрон қолдим.

Қизиғи, фактлар манаман деб турганига қарамай, судда у ўзини шармандаларча тутди, оғзидан боди кириб шоди чиқди, нафақат ўзини шу даражага етказган давлатга ва халққа нисбатан, балки ўзининг сафдошларига нисбатан ҳам жуда уятли гапларни гапирди, яққол айбларини тан олмагани етмагандай кўпчиликни беҳурмат қилди.

Инсон боши тошга етганда ҳаммасини қайта ўйлаб кўради. Лекин мен Гулнорада пушаймонлик ҳиссини кўрмадим, аксинча, у ҳамон бутун дунёни айблаб, ўзини оппоқ ҳисобларди.

Исломнинг хатида қатор мол-мулкларга даъво қилгани ҳам шунчаки кулгили. Уларга менинг алоқам йўқ, лекин оддий савол туғилади – шунча бойлик ғамида экансан, қани айт-чи, онанг бунча мол-мулкни кимнинг пешона тери эвазига, қандай йўллар билан қўлга киритган экан?

Аброр Зоҳидов

Ёрлиқ

Шарҳ