сентябр 20, 2020 18:55 Asia/Tashkent
  • Муқаддас Мудофаада  қадриятларнинг тажассуми - 1

(Муқаддас Мудофаа ҳафталигига бағишланган махсус дастур)

Биз ёзнинг сўнгги кунларидамиз. Эронда бу кунлар Муқаддас Мудофаани қадрлаш  ҳафталиги деб юритилади. Ҳижрий-шамсий 1359-йилнинг худди шу кунлари дунёдаги буюк қудратларнинг қўллаб-қувватлаши билан Ироқнинг Баас режими Эронга бостириб кирди ва Ислом инқилобига қарши уруш бошлади. Кўп йиллик   авторитар ҳукмронликдан сўнг мустақиллик ва озодликка эришган Эрон халқи, қуролли босқинчилар ҳужумига учраганда, ўз ватанини ҳимоя қилишда улкан миллий бирдамликка эришди. Ушбу муборак иттифоқ сабабли Эрон халқи саккиз йил давомида тажовузкорларга қарши бир тан-бир жон бӯлиб курашишга,  уларни ӯз ӯлкаларидан шармандали бир тарзда ҳайдаб чиқаришга муваффақ бӯлди. Муқаддас Мудофаа йиллари Эрон жангчилари ажойиб қаҳрамонликлар кӯрсатишди. Мамлакат ӯз фарзандларининг жасорат, қаҳрамонлик ва фидоийлигига гувоҳ бӯлди. Орқага назар ташласак, Ироқнинг Эронга қилган ҳужуми  бошланганидан 40 йил ўтиб, муқаддас мудофаа жангчилари ва мужоҳидларининг ӯша ӯта қийин ва   ҳал қилувчи пайтда кӯрсатган қаҳрамонлик ва жасоратлари қадрият сифатида яққолроқ кӯзга ташланади. Ана шу қадриятлар бизнинг мудофаамизни   муқаддас айлади.

Муқаддас мудофаа достони

Мудофаа қадри баланд ва муқаддас сўздир. Баъзида миллатлар ўз мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини ва юксак идеалларини сақлаб қолиш учун мудофаага отланишади ва қаршилик кўрсатишади. Тарих давомида кўплаб миллатлар тажовузкорлар ҳужум қилганда ноилож қӯлга  қурол олиб, ўзларини ва ўз мамлакатларини ҳимоя қилишган. Бундай жанглар нафақат қораланмайди, балки халқларнинг фахр-ғурури воситаси ҳамдир. Саддом режими армияси ва унинг тарафдорлари тажовузига қарши Эрон  мусулмон халқининг саккиз йиллик қаршилик кўрсатиши ана шундай жанглардан бири эди. Бу жанг Эроннинг қадимий тарихида ёрқин нуқта ҳисобланади ва шу сабабли Муқаддас Мудофаа деб аталади.

Ислом халқларни ҳар қандай зулмдан қонуний ҳимоя қилишни тан олади ва рағбатлантиради. Чунки Ислом адолатпарвар ва зулмга қарши диндир. Ислом нуқтаи назаридан бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш катта зулм ҳисобланади. Шу сабабли ӯз  ҳуқуқларининг бузилишига қаршилик кўрсатувчи киши мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун курашган мужоҳид билан тенгдир. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло жиҳоднинг аҳамияти тўғрисида мусулмонларга шундай дейди:

"Ва сизлар билан жанг қилганлар билан Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ва ҳаддан ошманглар, чунки Аллоҳ тажовузкорларни севмайди" (  Бақара, 190).

Худо йўлидаги мужоҳидлар Худо олдида юқори мавқега эга ва мусулмонлар уларни ҳурмат қилишлари зарур. Ушбу эҳтиром "Исломнинг чўққиси" деб номланган жиҳоднинг улуғлигини кӯрсатади ва мужоҳидлар ҳам Аллоҳнинг дӯстлари ҳисобланади. Али (а) буни баён қилар экан: "Жиҳод - бу Худо Ўзининг азиз авлиёлари учун очган жаннат эшикларидан биридир."—дейди.

Нисо сурасининг 95-оятида Аллоҳ таъоло шундай буюради: Мўминлардан бешикаст бўла туриб ўтириб қолганлари билан Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилувчилари баробар бўлмаслар. Аллоҳ моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчиларнинг даражасини ўтириб қолувчилардан афзал қилди. Аллоҳ ҳаммага яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб қолувчилардан улуғ ажр ила, афзал қилган. (95)

1359 йил 31 шаҳривар куни тушда Эрон аэропортларининг бомбардимон қилинганлиги ва юклатма  уруш бошлангани ҳақидаги хабар мамлакатдаги кўплаб одамлар учун кутилмаган воқеа бўлди. Инқилобнинг улуғ  раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий ҳазратлари Муқаддас Мудофаанинг дастлабки кунларини қуйидагича ҳикоя қиладилар: "Уруш, урушнинг  бошланиши ҳақида кўп гаплар бор. Аммо шуни айтишим керакки, урушнинг энг ҳаяжонли дақиқаларидан бири, уруш бошланган лаҳза  ёки аниқроғи, биз Ироқнинг тажовузкорларча бостириб киргани ҳақида билганимиз маҳали эди. Барча эронликлар яхши эслайди:   уруш 1359 йил 31 шаҳривар кунининг иккинчи ярмида бошланди. Ўша куни мен Меҳробод аэропорти яқинидаги фабрикада нутқ сўзлашим керак эди ва нутқ сўзлаш вақтини кутаётгандим. Тўсатдан биз дераза ва эшиклардан ғалати овозларни эшитдик. Бу портлаш тўлқини эди. Мен билан бирга бўлган тансоқчи биродарлар зудлик билан ташқарига чиқиб, осмонда Меҳробод аэропортига ва бошқа жойларга бомба ташлаган бир неча қирувчи самолётларни кўрганликлари ҳақида хабар беришди. Табиийки, мен ишчиларнинг руҳиятини кӯтарадиган  нутқимни сўзлашим керак эди. Нутқ сўзлагандан сўнг зудлик билан Қӯшма Штабга бордим ва ушбу кутилмаган воқеани мамлакатнинг бошқа расмийлари билан муҳокама қилдим. Биз учун уруш кутилмаган эди ва кутилмаган ҳар бир нарса бошида бироз ажабланарли бӯлади. Эрон ва Ироқ ўртасидаги чегара муаммолари ҳақида кам маълумотга эга бўлган, бундай вазиятни кутмаган ҳамда сиёсий ва ҳарбий таҳлиллардан хабардор бўлмаган Эрон халқи учун бу кўпроқ кутилмаган эди."

Оятуллоҳ Хоманаий жанг майдонларида

Ўша куни Саддом Эрон билан урушнинг биринчи куни тафсилотлари тўғрисида маълумот олиш учун армия штабига келди; Бу кунни у  "Момақалдироқ куни" деб номлаган эди; Ўша куни Саддом асосий операция хонасига қизил қалпоқ кийиб, белига ўқ лентаси тақиб олган ҳолатда кириб келди. "Ҳазратим, -- деди унга Ироқ Мудофаа вазири Аднон Хайруллоҳ --Йигитларимиз йигирма дақиқа олдин учиб кетишди. “Ярим соатдан кейин улар Эроннинг белини синдиришади", деб жавоб қайтарди Саддом. Саддомнинг Эронга қарши урушнинг қисқа муддатли бӯлиши ҳақидаги башорати, хомхаёлдан бошқа нарса эмас эди. У бошлаган уруш икки мамлакат чегаралари бўйлаб 1200 км узунликда ва 80 км ичкаридаги жабҳада 2887 кун давом этди Айнан ўша пайтдан бошлаб дунё ӯз мамлакатини ҳимоя қилиш учун жуда кўп эронлик ёшларнинг оёққа қалққани ва фидоийлик кӯрсатганига гувоҳ бўлди. Улар эндигина тетапоя бӯлган инқилобларини ҳимоя қилиш учун қаҳрамонликлар кӯрсатишди.

Саккиз йиллик Муқаддас Мудофаа - ўз мафкурасини, инқилобини ва исломий ватанини ҳимоя қилишда жасорат ва шаҳидликнинг юқори чўққиларига кўтарилган, душманни  муваффақиятсизликка учратган халқнинг қатъияти, мардлиги ва фидоийлиги ҳақидаги абадий жангномадир. Саккиз йиллик юклатма уруш эркин яшаш учун улкан баҳо  тўлаган эронликларнинг бир тану бир жон бӯлишига олиб келди.  Улар ўз эътиқодлари билан урушни шунчалик гӯзаллаштирдиларким, жангнинг сон-саноқсиз азоблари бағрида мукаррамлик, иймон, ишқ, шижоат, тадбир ва фидоийлик каби қадриятлар мужассамланди.

Гарчи мамлакатнинг жанубий ва ғарбий чегаралари узоқ вақт давомида бу ӯлканинг энг пок фарзандларининг қурбонгоҳига айланган бўлса-да, лекин уларнинг эътиқоди ва юксак руҳиятининг қудрати бу тупроқни муқаддас маконга айлантирди. Уларнинг пок кӯланкалари ҳали-ҳануз бу ерларда мавжланиб туради. Шаҳидларнинг вужуди бу тупроқни муаттар айлаган.

 

Ёрлиқ

Шарҳ