ноябр 25, 2020 08:02 Asia/Tashkent
  • Кутулахур ғори

Эронда жуда кӯп табиий ғорлар мавжуд. Ҳозиргача мамлакатда 1200 та ғор руйхатга олинган. Буларнинг аксарияти тенгсиз гӯзаллик ва ҳайрат тимсолидир. Ана шулардан бири  Кутулахур ғори бӯлиб, биллур ва қандилларининг сифати ҳамда табақаларининг кӯплиги жиҳатидан дунёнинг илк оҳак ғори ҳисобланади.

Эрон ғарбидаги Занжон вилоятининг Худобанда ноҳияси ҳудудидаги Гармоб минтақасидаги бу ажабтовур ғорда сув томчиларининг бир маромда чаккилаши гӯзал мусиқа садоси янглиғ қулоқларга хуш ёқади.

Кутулахур ғорининг гӯзал қандиллари кӯрган кишини ҳайратга солади. Бу ғор Занжон шаҳридан 155 километр узоқликда жойлашган. Эрон ғарбидаги баъзи жойларда унчалик баланд бӯлмаган тоғларга “кутула” дейишади. Эҳтимол, унчалик баланд бӯлмаган тоғнинг бағрида жойлашган бу ғорнинг номи  ҳам шу сӯздан олингандир. “Хур” сӯзи эса “Хуршед” (қуёш) сӯзининг қисқартирилган варианти ҳисобланади.

Кутулахур ғори оҳакли ғор бӯлиб, унинг баъзи жойларида темир оксидли тупроқни ҳам учратиш мумкин. Илмий назарияларнинг тасдиқлашича бу ғор 30 миллион йиллик тарихга эга. Кутулахур ёш жиҳатидан Ҳамадондаги Алисадр ғори билан тақрибан тенгдир.

Кутулахур ғори

Кутулахур ғори ҳақидаги тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, бу ғор эҳтимол, Ҳамадондаги Алисадр ғори билан туташган. Ғорнинг ӯзига хос хусусиятларидан бири унинг жуда кӯп табақалардан иборатлигидир. Бундай ғорлар жаҳонда жуда кам. Бу ғор 7 табақадан иборат, деган тахминлар бор, аммо ҳозиргача унинг 3 табақаси кашф қилинган. Кутулахурни нодир ғорга айлантирган яна бир хусусият ундаги улкан  оҳак устунларнинг мавжудлигидир. Бу устунлар ғорнинг томини елкада мустаҳкам тутиб тургандек.

Кутулахур ғорининг улкан оҳак устунлари

Бу ғор эҳтимол, ташкил топган пайти сувли ғор бӯлган.  Ундаги табақаланишдан англашиладиким, сув пастки табақаларга сизилиб, ғор қуруқ ғорга айланган. Ғорнинг атрофидаги кӯплаб зулол сувли чашмалар ва табиий чуқурликларнинг мавжудлиги ҳам Кутулахур ғорининг ӯзига хос хусусиятларидан биридир. Умри давомида бу ғор жуда кӯп ӯзгаришларни бошидан ӯтказган. Бу ӯзгаришларнинг айримлари табиий ва айримлари сунъий ӯзгаришлардир. Табиий ӯзгаришлар ер қимирлаши, ер силжиши ва ер жинсларининг пастга тӯкилиши натижасида вужудга келган ӯзгаришлардир.

Кутулахур ғори

Ғорнинг оғзи денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган. Ғорнинг бошланишидаги даҳлиздан ӯтгач, баландлиги икки метр ва узунлиги 950 метрлик узун коридор бошланади. Коридорнинг охирида эса улкан зал мавжуд.

Кутулахур ғорининг киравериши

Ғорнинг оғзи унга кириб борган кишиларнинг соғлигига зиён етиш хавфи устунлиги сабабли ёпиб қӯйилган. Бу жой маҳаллий аҳоли тилида “Юрт юри” деб аталиб, “ота-боболар яшаган жой” маъносини англатади. Дарҳақиқат, ғорнинг кираверишидаги 100 метрлик жой ибтидоий одамларнинг яшаш манзили бӯлган. Бу иддаони ғорнинг айни шу жойидан топилган 80 нафар инсоннинг склет суяклари ҳам тасдиқлайди. Қизиғи шундаки, бу склетлар ҳозир ҳам шу жойда сақланади. Кӯплаб қадимги сопол идишларнинг парчалари ҳам бу минтақадан топилган. Тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, бу ашёлар эрамиздан аввалги икки мингйилликнингохирларига тегишли.

Кутулахур ғори

Бугунги кунда бу ажабтовур ғор маданий, ҳордиқ чиқариш ва спорт каби  уч қисмга бӯлинган. Унинг 4 километрлик спорт қисми ғор ва қояларга чиқиш спорти билан шуғулланувчиларга ажратилган бӯлиб, унинг давоми ҳали кашф қилинмаган. Томошабинлар оммаси учун мӯлжалланган ҳордиқ чиқариш қисми икки километрлик масофани ӯз ичига олади. Ғорнинг маданий қисми эса унинг жанубий томонидаги табиий зал  бӯлиб, унда турли маросимлар ӯтказилади. Бу залнинг ташқарига чиқиш йӯли сунъий равишда қазилган.

Ғор ишқивозлари Кутулахур ғорида

Дунёнинг ажойиб табиий гӯзалликларидан бири бӯлган Кутулахур ғорини кӯришни истасангиз, бу минтақага сафар қилишнинг энг яхши вақти баҳор ва ёз фаслидир.

 

 

 

 

  

 

Ёрлиқ