март 03, 2021 20:57 Asia/Tashkent
  • Анжили дарахти

Мамлакат шимолидаги  Ҳиркан ўрмонларида Эрон табиатининг энг жозибали кўринишларидан бири бу Parrotia Persica илмий номи билан аталадиган анжили  дарахтидир. Уни билишингиз ва у билан табиатда мулоқот қилишингиз керак бўлган гўзал ва ғалати дарахт. Баъзилар, агар биз Эрон ўсимликларининг рамзини танламоқчи бўлсак, анжили дарахти энг яхши символ бўла олади, деб ҳисоблашади.

Кузда баргларининг сеҳрли ранги туфайли  у дарахтларнинг келинчаги сифатида танилган. Ушбу тур  ажойиб ранглари билан Астаранинг қирғоқ минтақаларида ва Келардашт минтақасининг айрим қисмларида ӯрмонни чиройли ва жозибали манзарага айлантиради. Кузда барглари тўқ сариқ, оч сариқ, оч қизил, жигарранг, саримсоқ рангдаги дарахтлар йӯловчиларни    мафтун этади. Ушбу дарахт ҳақида кўпроқ билиш учун бугунги дастуримизда  бизга ҳамроҳлик қилинг.

Анжили дарахти, тахминан 65 миллион йил олдин, учинчи геологик даврдан қолган ноёб ўсимлик турларидан биридир. Музлик даврида вегетатив навларнинг ҳар хил турлари йўқ бўлиб кетди; Аммо бу даврда муз шимолий Эрон ўрмонларининг бир қисмига, яъни Каспий денгизининг Арасборонгача бўлган текисликларига етиб бормади ва бу ўрмонлар ўз ҳаётларини давом эттирдилар. 2019 йилда Юнесконинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган муз давридан омон қолган ушбу ӯрмонлар “Ҳиркания ҳавзаси» деб номланади. Бу ҳудудда бир неча ноёб турлар мавжуд, улардан бири анжили  дарахтидир. Эроннинг шимолий ўрмонларида генетик захира сифатида танилган ўсимликларнинг эндемик тури.

Ушбу ўсимлик турини 1811 йилда немис биологи ва ботаниги Фридрих Паррот тадқиқот ишлари учун Кавказга сафар қилгани чоғи  Арарат тоғининг ён бағирларида аниқлаган эди. Ўша пайтгача ҳеч бир ботаник бу дарахт ҳақида илмий жамоатчиликка маълумот бермаган. Шунинг учун у дарахтни ӯзининг номи билан Парротиа персиcа деб атади. Албатта, бу исмнинг бошқа маъноси  ҳам бор. Инглиз тилида парротиа тўтиқуш деган маънони англатади. Анжили дарахти мевасининг иккала томонида тӯтиқуш тумшуғига ўхшаш иккита қўшимчалар бўлгани ҳам бу номни танлашда омиллардан бири бўлиши мумкин. Ушбу илмий номдан ташқари, бу дарахт турли жойларда турли хил номлар билан танилган. Масалан, инглиз тилида ёғочининг қаттиқлиги сабаби уни темир ёғоч деб номлашади. Турк тилида Демир Агажи (темир дарахт) деб аталади.

Анжили дарахти

Анжили дарахтнинг бўйи 25 метрни ташкил қилади. Унинг барглари навбатма-навбат ўсиб боради, уларнинг узунлиги 6 дан 15 см гача ва кенглиги 3- 4 см гача. Дарахт ӯз баргларининг рангини жуда узоқ вақт сақлайди ва ранг ўзгариши шунчалик чиройли кечадиким, айниқса кузда, сиз бир нечта дарахтлар бир-бирига  боғланган деган хаёлга боришингиз мумкин.

Куз бутун дарахтни ҳали қамраб олмаган бир пайтда, сиз Эроннинг шимолидаги битта анжили дарахтида яшил рангнинг ёнида куз мавсумини ифодалайдиган   барча рангларни кўришингиз мумкин. Ёш барглар қизилга мойил бинафша рангга эга. Ёзда улар тӯқ ва порлоқ яшил рангга айланади, ниҳоят,  кузда барглар турли хил сариқ, тўқ сариқ, ёрқин қизил, куйган қизил каби рангларга киради  ва бу рангларнинг хилма-хиллиги гўзал манзараларни яратади. Бу каби рангларнинг жозибали товланиши сайёҳлар   ва табиат дўстлари учун жуда муҳимдир.

Анжили дарахти баргларининг хилма-хиллиги

Анжили дарахтининг танаси шу қадар кучли ва мустаҳкамки, уни бошқа тилларда темир ёғоч деб аташади, чунки у осонликча ёнмайди ва ҳатто унга мих қоқмоқчи бўлсангиз, бу ёғоч сизни ноумид қилиши мумкин. Ушбу дарахтнинг танаси қалин ва уни махсус шаклларда кўриш мумкин, бу бир-бирига ёпишган новдаларнинг бирлашиб кетиши натижасидир. Анжили дарахти етилгач, чиройли ранг-баранг гумбазга айланади. Ушбу мунтазам ўсиш шу қадар мувозанатлашганки,  дарахтнинг баландлиги тахминан 10 метрга ва тожининг диаметри 8 метргача  етиши мумкин.

Анжили дарахти жуда секин ўсади ва   айтиш мумкинки, шимолий ўрмонлардаги ҳар қандай йирик анжили дарахти, эҳтимол, жуда қадимийдир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, анжили дарахтларининг ҳар бир метрини ўстириш учун бир ярим йил вақт кетади. Икки йилдан сўнг,  бу ажабтовур дарахтнинг шохлари юғонлашиб, бирлашиб, дарахт танасини ҳосил қилади. Дарахтнинг энига ва бӯйига ӯсиши жуда мутаносибдир.  

Анжили дарахтининг шохлари бирлашишидан ҳосил бӯлган танаси ва шохлари

Анжили дарахтининг яна бир қизиқарли хусусияти шундаки, унинг ўсиши маълум даражага етганида шохлари бирлашади. Бу хусусият баргларнинг чиройли рангларидан ташқари, унинг танаси ҳам жуда чиройли ва ҳайратланарли бўлишига олиб келди. Баъзи дарахтларда ғалати шаклларни кўрасиз, гўё кимдир танада қасддан тешик очган, бу аслида танага бирлашган    новдалар. Ушбу хусусият кўплаб фотосуратчиларга дарахтда пайдо бўладиган ўзига хос дизайнларни намойиш қилишларига имкон беради.

Анжили дарахтларининг энг юқори концентрацияси Эроннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Астара шаҳри ва Озарбайжон Республикаси билан чегарадош ўрмонларда. Астара шаҳрининг ӯзи ҳам чиройли соҳиллари  ва таниқли Ҳайрон довони билан кўплаб эронлик ва хорижий табиат ихлосмандларининг қалбидан ӯрин олган.

 

Ёрлиқ