октябр 05, 2021 23:23 Asia/Tashkent
  • Арманистон Ташқи ишлар вазирининг Теҳронга ташрифи

Тоғли Қорабоғ тинчлик битими имзоланганидан кейин Озарбайжон Республикаси ва Арманистон ўртасидаги таранглик давом этар экан, Ереван ҳукумати расмийлари иқтисодий ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшни давлатлар билан маслаҳатлашмоқда.

Ҳеч шубҳа йўқки, Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг  Россия воситачилигидаги Қорабоғ тинчлик битимини имзолашдан мақсадлари, бу мамлакат аҳолисининг ҳаётий муаммоларини тугатиш ва арман ёшларини бошқа мамлакатларга кўчиб кетишининг олдини олиш эди. Шу билан бирга, қарийб бир йил мобайнида Пашинян ҳукумати Озарбайжон Республикаси ва Туркия билан муносабатлар ўрнатиш орқали арман халқининг истаклари ва ўз мақсадларининг бир қисмига эришиш учун катта куч сарфлади. Аммо Арманистон чегарасида Озарбайжон Республикаси ва Туркиянинг қўшма машғулотлар  ўтказиши Ереван ҳукумати расмийларида мамлакатга қарши янги фитна борасида шубҳа уйғотди.

Шуни эътибордан четда қолдирмаслик керакки, 2016 йилнинг апрелидаги тўқнашувлардан сўнг Арманистон расмийлари Озарбайжон Республикаси ва Туркиянинг қўшма машғулотларини ўтказишни ҳар доим бу мамлакатнинг миллий манфаатларига зид деб ҳисоблаб келишади. Шу сабаб Арманистон расмийларини Озарбайжон Республикаси ва Туркия билан муносабатларни мустаҳкамлаш ўрнига Эрон ва Россия билан ҳамкорлик қилишга ундаган кўринади. Шу муносабат билан, Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян кеча эрталаб (4 октябр, душанба) Теҳронга келди ва Эрон расмийлари билан учрашди. Арманистон Ташқи ишлар вазирининг Эронга икки кунлик ташрифи кун тартибида энг муҳим минтақавий масалалар бўйича икки томонлама музокаралар ва маслаҳатлашувлар бор. Аввалроқ, арман экспертлари Теҳрон ва Ереван ўртасидаги, айниқса, транзит соҳасидаги ҳамкорликни муҳим деб ҳисоблашган эди. 

Гагик Агажанян, иқтисодий ва транзит ишлари бўйича эксперт, ҳамда Арманистон транспорт сектори расмийларидан бири дейди:

"Мамлакат товарларини Озарбайжон Республикаси орқали транзит қилиш истиқболи Арманистон учун фойдали эмас".

Ушбу арман мутахассиси Ереван ва Боку ўртасидаги тарихий ва туб фарқларга ишора қилиб,  "Арм Инфо" сайтига берган интервюсида шундай дейди:
"Бундай шароитда, Грузияда қурилаётган туннел битказилганидан кейин, Арманистон товарлари Озарбайжон орқали Россияга транзит қилинишига умид қилиш ва бу соҳага сармоя киритиш мумкин эмас".

Бу таниқли арман экспертининг сўзларидан кўриниб турибдики, Ереван ҳукумати расмийлари Теҳрон билан, айниқса транзит  соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор беришмоқда. Шу нуқтаи назардан  айтиш керакки: 1991 йилда бу мамлакат мустақилликка эришганидан кейинги йилларда, Эрон ва Арманистон ўртасида конструктив муносабатларнинг ўрнатилиши, мамлакатнинг Эрон билан ҳамкорликка бўлган муносабатини ўзгартириш учун асосларни янада мустаҳкамлади. Аслида, Тоғли Қорабоғ можароси пайтида Эроннинг мувозанатли ёндашуви, айниқса Озарбайжон Республикаси ва Туркия Арманистон билан чегараларини ёпганида Теҳрон-Ереван муносабатларининг янада кенгайишига йўл очди.

Эрон ва Арманистон Грузия, Болгария, ва Греция билан биргаликда,  2016 йилдан буён Эронни Европага Арманистон, Грузия ва Қора денгиз орқали боғлайдиган Форс кўрфази - Қора денгиз йўналиши бўйича кўп томонлама халқаро транспорт коридорини яратиш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар олиб бормоқда. Бу борада, Арманистоннинг баъзи транспорт экспертлари бу алоқа коридорини келажакда Эрон-Хитой денгиз транзити орқали "Бир камар ва бир йўл" лойиҳаси билан боғлаш мумкин деб ҳисоблайдилар.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев сионистик режимнинг ваъдаларига таяниб ва ​​Туркиянинг баъзи расмийлари ҳамкорлиги билан, иккинчи Қорабоғ урушидан  кейинги  Арманистон билан имзоланган битимдан  фойдаланиб, Жанубий Кавказ минтақасининг геосиёсий харитасини ўзгартирмоқчи. Бу икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шундай вазиятда мустаҳкамланиб ва ​​ривожланмоқда.

Илҳом Алиев ҳукумати расмийлари ўз хом ҳаёлларида, Эронни Арманистонга қўшни бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилишмоқчи. Бироқ икки қўшни давлат илиқ ва яқин муносабатларни сақлаб қолиш учун, мустақил халқлар душманларининг фитналарининг олдини олиш мақсадида, барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Арманистон Ташқи ишлар вазирининг Эронга ҳозирги ташрифи ва Теҳрон расмийлари билан учрашувини шу жиҳатдан баҳолаш мумкин.

 

Ёрлиқ