октябр 07, 2021 23:05 Asia/Tashkent
  • Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни (8)

Бу ҳафталик дастуримиз мавзуси - сув инқирози ва унинг минтақадаги муаммолари.

Маълумки, Жануби-Ғарбий Осиё дунёнинг қурғоқчил ҳудудида жойлашган ва қуруқ ва ярим қуруқ иқлим, кам ёғингарчиликка эга. Турли хил инсон эҳтиёжларида аҳоли ва сувга бўлган эҳтиёжнинг ошиши, шаҳар, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларида сув истеъмоли моделининг ўзгариши, сув ресурсларининг назоратсиз ва нотўғри фойдаланилиши, иқлим ўзгариши ва глобал исиш туфайли ёғингарчиликнинг камайиши, сув ресурсларининг ифлосланиши ва ҳар хил мақсадлар учун ишлатиладиган сувнинг сифати пасайиши,  буларнинг барчаси сув танқислиги инқирозини кучайтирмоқда. Сув инқирози мамлакатларнинг иқтисодиётини ўта заиф қилиб қўяди, минтақанинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётини тартибсизлик, ишончсизлик ва беқарорликка дучор қилади. Бу мамлакатлар ўртасида сиёсий зиддиятларга ва кескин тўқнашувларга олиб келиши мумкин.

Жаҳон сиёсий адабиётида бугунги кунда экологик масалалар, айниқса сув, геосиёсат соҳасида хавфсизлик ролини ўйнайди. Ҳеч бир давлат етарли сув ресурсларини таъминламасдан туриб, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий барқарорликни сақлай олмайди. Шунга асосланиб айтиш мумкинки, дарёлар мамлакатлар миллий хавфсизлигининг муҳим омилларидан биридир. Дарё ҳавзасидаги ҳар қандай ўзбошимча фаолият  минтақа давлатларини хавотирга солади. Бу хавотирлар келгуси йилларда аҳолининг кўпайиши ҳамда озиқ-овқат ва сувга бўлган эҳтиёжнинг ошиши билан ортиши кутилмоқда.

Жануби-Ғарбий Осиё мамлакатлари учун зарур бўлган сувнинг катта қисми умумий дарёлар билан таъминланади. Бу шуни англатадики, минтақадаги муҳим ва серсув дарёлар бир мамлакат тоғларидан келиб, қўшни давлат ёки мамлакатлардан ўтади ва муҳим сув ҳавзасига қуйилади. Тарихий ҳужжатларга кўра, дарёлар бўйида жойлашган ҳудудлар ва ерларнинг сувдан фойдаланиши ҳуқуқи ҳар доим мавжуд бўлган. Аммо бугунги кунда, сув ресурсларининг етишмаслиги туфайли, баъзи давлатлар бу ресурслар устидан мутлақ ҳукмронликка интилмоқдалар. Бу масаланинг муҳимлигини вақти-вақти билан дунёнинг кўплаб ахборот сайтлари ва ахборот агентликларининг сарлавҳасига айланиб бораётган сиёсий низолар ва сув юзасидан мамлакатлар ўртасидаги дипломатик қарама-қаршиликларда кўриш мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, Миср, Судан ва Эфиопия ўртасидаги Нил дарёси борасидаги баҳслар каби, яқин бир неча йил ичида сув  тўқнашуви кутилаётган 300 га яқин минтақа мавжуд.

Янги иқлим ўзгариши ва табиат ишига одамларнинг аралашуви ортиши билан минтақанинг кўплаб давлатлари, масалан, Ироқ, Эрон, Сурия, Иордания ва бошқалар доимий сув танқислиги ва қурғоқчилик гувоҳи бўлмоқда. Бу давлатлар гуруҳи учун қўшниларининг масъулиятсиз сиёсати муаммони янада мураккаблаштиради. Мисол учун, биз минтақа ҳукуматларининг тўғон қурилиши лойиҳаларини эслатиб ўтишимиз мумкин. Тарихан, тўғон қурилиши сув йиғиш ва етказиб бериш учун зарур бўлган биринчи сунъий иншоотлардан бири бўлган. Аммо ҳозир тўғоннинг вазифаси олдингисига қараганда анча кенгайди. Қишлоқ хўжалик майдонларини ривожлантириш ва суғориш, сув тошқинларига қарши кураш, электр энергияси ишлаб чиқариш, саноат истеъмоли ва бошқалар ҳукуматларни бу соҳага сармоя киритишга ва дарёларга тўғон қуришга ундайди. Тўғонларнинг тўғри ишлаши халқ фаровонлиги учун асос яратади ва шунинг учун унинг қурилиши иқтисодий жиҳатдан оқланади ва миллий қўллаб-қувватлаш эга.

Лекин бу тўғонларни қуриш орқали дарёларни назорат қилиш мавзунинг фақат бир томони.  Минтақанинг айрим сиёсатчиларига кўра, танганинг бошқа томонида дарёлар манбаига тўғон қурадиган мамлакатлар қудратни кўрсатишда сувдан фойдаланиши туради. Бугунги кунда Жануби-Ғарбий Осиёда баъзида содир бўладиган нарса -  икки ёки ундан ортиқ мамлакатлар ўртасидан оқиб ўтувчи дарёнинг бошига тўғон қурилишидир. Дарё манбаига тўғон қурилиши, қуйи оқимдаги мамлакатларга сув оқимининг олдини олади.

Натижада сув танқислиги ва экологик инқироз юзага келади. Сув инқирози фақат сув танқислиги натижаси эмас. Балки чегаралараро ҳамкорликнинг йўқлиги ва сув ресурсларини бошқаришнинг етишмаслиги ҳам инқирозни яратиши ёки кучайтириши мумкин. Туркиянинг нефтга қарши сув сиёсатини амалга ошириш бўйича  катта тўғон лойиҳасининг ушбу мамлакатга келтирган  ижобий ва салбий таъсиридан ташқари (Ҳасан Киф вилоятида 12 минг йилдан ортиқ тарихга эга иншоотларнинг вайрон қилиниши, бир неча минг одамларнинг эвакуацияси ва кенг тарқалган ижтимоий кескинликларнинг вужудга келиши), қуйи оқимдаги давлатлар, яъни Сурия, Ироқ ва Эрон жуда жиддий зарар етказди. Буларга ботқоқликларда қурғоқчилик, чанг-тӯзоннинг кўтарилиши, ўсимлик ва ҳайвонот турларининг йўқ бўлиб кетиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги майдонларининг вайрон бўлиши, ишсизликнинг кўпайиши ва одамларнинг қишлоқдан шаҳарга кўчиши каби иқтисодий муаммолар киради.

Туркиянинг "Гап" тўғон лойиҳаси 22 та тўғон ва 19 та ГЭСдан иборат. Бу иншоотлар вазиятга кўра, Дажла ва Фурот дарёларининг ирмоғида қурилган ва қуриб битказилмоқда. Бу режанинг бажарилиши билан Сурия ва Ироқда сув истеъмоли улуши мос равишда 40-80 фоизга камайиши кутилмоқда. 1997 йилда Дажла дарёсида Илису тўғонининг қурилиши бошланиб, минтақадаги ва дунёдаги энг баҳсли сув лойиҳаларидан бирига айланди. Тўғоннинг ишга туширилиши Дажла сув ресурсларининг 56 фоизини Ироқ ҳудудига киришига тўсқинлик қилади. Отатурк тўғонини тўлдириш учун 1990 йилда Туркия худди шундай ҳаракат қилиб, Фурот дарёсини уч ойга ёпиб қўйди, бу Ироқ иқтисодиёти ва турмушига катта зарар етказди.

Туркиядаги Илису сув  омбори

Халқаро шартномаларга кўра, ҳеч бир давлат умумий ҳавзага эга дарёлар сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб,  монополлаштира олмайди. Чунки, бу  қуйи оқимдаги одамларнинг ҳаёти ва турмушига хавф туғдиради. Бугунги кунда "чекланган ҳудудий суверенитет" тамойили умумий ҳуқуқий меъёр сифатида қабул қилинган. Бу тамойил шуни кўрсатадики, умумий сув ҳавзаларига эга бўлган давлатлар, ушбу манбалардан ҳуқуқига эгалар. Шунинг учун, улар сувдан "адолатли ишлатиш" принсипи асосида фойдаланишлари керак. Минтақада трансчегаравий сувларни тақсимлаш учун тегишли қонуний режим ва аниқ битимларнинг йўқлиги туфайли, ҳар бир давлат атрофидаги давлатларга этиборсиз равишда, ўз манфаатларини максимал даражада оширишга интилишига сабаб бўлади. 
Иқтисодиёт каби турли соҳаларда конвергенция ва ўзаро таъсир фалсафаси одамларнинг фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш учун синергия саналади. Баъзида конвергенция имконият ва салоҳиятлар асосида шаклланади. Баъзида эса таҳдидлар интеграция ва шартномалар тузилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу борада, дарё ҳавзаларини барқарор ривожлантириш ва умумий сувлардан фойдаланиш, сув ресурсларини комплекс бошқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби муҳим ва стратегик муаммоларни кўтариш зарур. Минтақадаги мамлакатларнинг иқтисодий манфаатлари алмашинуви соясида муаммоларни ҳал қила оладиган учрашувларнинг шаклланиши ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сезилмоқда. Бугунги кунда сув инқирози мамлакат чегараларидан ташқарига қарашни талаб қилади ва бу инқирозни бартараф этиш учун минтақавий яқинлашиш зарурати ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сезилмоқда. Шубҳасиз, мамлакатда чегаралараро иқтисодий ва сиёсий муаммолар туфайли ишончсизлик ва беқарорликнинг мавжудлиги унинг чегаралари ичида қолмайди ва унинг салбий оқибатлари эртами-кечми минтақага хавф солади. Хавфсизлик ва тинчлик - бу оммавий, жамоат ва минтақавий масаладир ва ҳозирги шароитда, шубҳасиз, сув таъминоти муаммоси бўлган бу хавфсизлик воситалари, сувга эга бўлган давлатлар томонидан эътиборсиз қолдирилмаслиги керак.

Ёрлиқ