октябр 11, 2021 00:35 Asia/Tashkent
  • Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни (9)

Салом дўстлар, биз "Эроннинг минтақа иқтисодиётидаги ўрни" туркумидаги яна бир дастур билан сизнинг хизматингиздамиз. Бу ҳафталик дастурда биз озиқ-овқат хавфсизлиги ва унинг Жануби-Ғарбий Осиё минтақаси мамлакатлари учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашамиз.

Мамлакатниннг иқтисодий ривожланишини ўлчаш учун турмуш  даражаси муҳим кўрсаткичдир.Бу даражани аниқлашнинг самарали омилларидан бири  одамларнинг овқатланиш сифати ҳисобланади. Бу шуни англатадики, мамлакат аҳолиси соғлом, сифатли ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларини доимий равишда олиш салоҳияти ва молиявий имкониятларга эга. Бундай ҳолда, айтиш мумкинки, мамлакат халқи озиқ-овқат хавфсизлигидан баҳраманд бўлади. Бу хавфсизликни таъминлашда ҳар хил омиллар рол ўйнайди, масалан, уй хўжаликларининг даромади, қандай овқатни сотиб олишни, уни қандай тайёрлашни билиш ёки оила аъзолари орасида тақсимлаш кабилар. Мамлакатда макроиқтисодий сиёсат соясида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки импортини кузатиб борадиган ва таълим бериш орқали оила учун тўғри озиқ-овқат саватини танлаш бўйича одамларнинг хабардорлик даражасини оширадиган ташкилот ва муассасаларнинг бўлиши жуда зарур.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолиси 9 миллиардга етади. Бу аҳолини боқиш учун ҳозирги овқатдан икки баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқариш керак дегани. Бу мақсадга эришиш учун қишлоқ хўжалиги ерларининг чекланганлиги, сув танқислиги, энергия нархининг юқори бўлиши, қишлоқ хўжалиги тадқиқотларига инвестицияларнинг камайиши, озиқ-овқат чиқиндиларининг кўпайиши каби муаммолар мавжуд. Бу муаммоларни бартараф эта олмаслик шуни англатадики, кам ресурслар билан, бутун дунё бўйлаб одамлар учун кўпроқ озиқ-овқат ишлаб чиқарилиши керак бўлади. Қишлоқ хўжалигининг барқарор ўсиши келгуси ўн йилликларда дунёни озиқлантиришнинг муҳим омилидир.

Ҳозир Жануби-Ғарбий Осиёда 500 миллиондан ортиқ одам яшайди. Бу минтақадаги аксарият мамлакатлар иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига асосланган. Бироқ, Жануби-Ғарбий Осиёнинг қурғоқчил ва ярим қурғоқчил географик жойлашуви нуқтаи назаридан, бу минтақа давлатлари сув танқислигига дуч келишмоқда. Иқлим ўзгариши ва глобал исиш, энг муҳими, сув истеъмоли юқори ва самарасиз бўлган анъанавий қишлоқ хўжалиги тизими озиқ-овқат таъминотини минтақадаги асосий муаммолардан бирига айлантирган. Бу минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича бир хил даражада эмас. Масалан, 34 миллион аҳолига эга Саудия Арабистони Форс кўрфази давлатларидан бири бўлиб, озиқ -овқатга бўлган эҳтиёжининг қарийб 80 фоизини бошқа мамлакатлардан таъминлайди. Ушбу мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш учун қурғоқчил ва ноқулай географик шароитлари туфайли Жануби-Ғарбий Осиё минтақасида озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий импортчиси ҳисобланади. Айтиш мумкинки, Саудия Арабистони минтақадаги озиқ-овқат хавфсизлиги коэффициенти паст бўлган давлатлардан биридир.

Ёки Форс кўрфазининг бошқа мамлакати Бирлашган Араб Амирликларини олсак, унинг озиқ-овқат маҳсулотларининг 90% дан ортиғи импорт орқали етказиб берилади. БААнинг 83 минг км умумий майдонининг атиги 1% дан камроғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имкониятига эга. Бутун мамлакат сувсиз ва ўсимликларсиз чўллар билан қопланган. Мамлакатнинг кўп жойларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг энг муҳим чекловлари  -  сув ресурсларининг етишмаслиги, тупроқнинг шўрланиши ва зараркунандаларга қарши курашиш учун юқори харажатлар билан боғлиқ. Бирлашган Араб Амирликларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг аксарияти ҳозирда балиқчилик соҳасидадир. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида бу соҳага тегишли фаолиятнинг улуши 3 фоиздан ҳам кам.

Бошқа томондан, ИШИД инқирозидан олдин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш борасида қўшниларининг озиқ-овқат эҳтиётларини таъминлашда муҳим рол ўйнаган Суриянинг бу минтақадаги ролини таъкидлаш лозим. Сурия Жануби-Ғарбий Осиёдаги Ливан, Туркия, Иордания ва Ироқ каби давлатлар учун муҳим савдо дарвозаси саналади. Бу давлатлар Сурия орқали минтақавий қишлоқ хўжалиги бозорига чиқиш имкониятига эга. Сурияда ИШИД ва жангари гуруҳлар юзага келишидан олдин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Сурия ялпи ички маҳсулотининг бешдан биридан кўпроғини ташкил қилган. У қўшни давлатларга, шунингдек, Форс кўрфази мамлакатларига дон, мева ва сабзавотларни йирик экспортчиларидан бири эди. Бироқ, саккиз йиллик инқироз кўплаб фермерларнинг ўз ерларини ташлаб кетишга мажбур қилди ва минтақада Сурия билан ёки у орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси сезиларли даражада камайди. Иорданияликлар 2016 йилда бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликлар ва норозиликларга олиб келган озиқ-овқат нархининг юқори инфляциясини унутмаган бўлишса керак. Сурияга тинчлик қайтиши ва мамлакатда қишлоқ хўжалиги савдоси тикланиши билан, Сурия халқи ва қўшни давлатларнинг яшаш ва озиқ-овқат шароитлари яхшиланишига умид қилиш мумкин.

Жануби-Ғарбий Осиё мамлакатлари орасида Эрон озиқ-овқат таъминотида яхши мавқега эга бўлган давлатлардан биридир. Бой табиий ресурсларнинг мавжудлиги Эрон озиқ-овқат саноатининг энг муҳим рақобатбардош афзалликларидан бири ҳисобланади. Эрон турли қишлоқ хўжалиги майдонларига эга ва унинг турли қисмларида етиштиришнинг турли усуллари қўлланилади. Бу маҳсулотларга озиқ-овқат хомашёси, ёғли экинлар, дуккакли экинлар, илдиз экинлари, сабзавотлар, чорва моллари ва парранда озуқаларини киритиш мумкин. Об-ҳаво ва иқлим хилма-хиллиги Эронга қишлоқ хўжалиги соҳасини кенгайтириш учун катта имконият яратган.

51 миллион гектар экин майдонлари, турли хил экинлар, боғдорчилик ва балиқчилик, иқлимнинг хилма-хиллиги ва ёш меҳнат ресурслари Эрон озиқ-овқат саноатининг афзалликлари ҳисобланади. Мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятлари юқори бўлганлиги сабабли, Эроннинг турли ҳудудларида озиқ-овқат саноати фабрикалари қурилишига катта сармоялар киритилган. Минтақадаги нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар орасида қишлоқ хўжалиги соҳасида етакчи давлатлардан бири сифатида Эрон озиқ-овқат саноатида ўзини ўзи таъминлашга интилади. Эроннинг озиқ-овқат саноатига киритилган сармоялар шуни кўрсатадики, бу масаланинг аҳамияти мамлакатнинг йирик сиёсатчиларининг назаридан четда қолмаган. Айниқса, Исломий инқилоб ғалаба қозонганидан бери, Эрон ҳар доим душманларининг иқтисодий санкциялари босими остида бўлиб келмоқда. Шу боис, мамлакат аҳолисининг озиқ-овқат таъминоти ва озиқ-овқат хавфсизлигига эътибор қаратиш ҳар доим  зарур ва муҳимдир.

Эрондаги кўплаб озиқ-овқат фабрикалари бундан ярим аср олдин қурилган. Айтиш мумкинки, бу саноат Эроннинг энг қадимги тармоқларидан бири бўлиб, ўзини дунёдаги энг янги технологиялар билан жиҳозлаш орқали минтақада юқори рақобатбардошлик даражасига эга. Исломий инқилоб ғалабасидан сўнг, Ғарб давлатларига қарамликни камайтириш мақсадида, мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотлари импорти сезиларли даражада камайтирилди. Аксинча, кўплаб озиқ-овқат саноати фабрикалари ташкил этилди. Улар тажрибали фабрикалар билан бир қаторда ўз фаолиятини кенгайтира олдилар ва Эрон аҳолисининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондиришдан ташқари, ўз маҳсулотларини бошқа давлатларга экспорт қилдилар. Бу заводлар турли соҳаларда Фаолият олиб бормоқда. Масалан, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, дон ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ва сақлаш, шакар, макарон маҳсулотлари ва печенье ишлаб чиқариш, ёғлар, ҳайвон ва ўсимлик ёғларини ишлаб чиқариш ва бошқалар. Эронда бу саноат асосан хусусий сектор томонидан бошқарилади.

Эрон божхона экспорти статистикасига назар ташласак, Эроннинг нефтдан ташқари экспортидаги муҳим нарсалардан бири бу мамлакатнинг озиқ-овқат саноати маҳсулотлари билан боғлиқ. Эрон озиқ-овқат саноати маҳсулотлари 120 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинади. Марказий Осиё давлатлари, Форс кўрфази ва Испания, Германия ва Польша каби Европа мамлакатлари Эрон озиқ-овқат саноати маҳсулотларининг асосий экспорт йўналишлари ҳисобланади. Сўнгги йилларда Эрон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми Ироқ, Афғонистон ва Бирлашган Араб Амирликлари каби қўшни давлатларга экспорт қилинган.

Ёрлиқ