октябр 14, 2021 00:42 Asia/Tashkent
  • Эроннинг минтақа иқтисодиётдаги ўрни (11)

Бу ҳафталик дастурнинг мавзуси - Тўртинчи саноат инқилоби. Ушбу масала рақобатбардошлик муҳитини яратиш орқали мамлакатларнинг иқтисодий шароитларини яхшилаш ва ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий фарқни камайтириши мумкин бўлган бир имкониятдир.

Бир неча ўн йиллар илгари иқтисодий мактабларда ишлаб чиқариш омилларининг таърифи учта омил билан чегараланган эди: капитал, ер ва ишчи кучи. Аммо бугунги кунда билим, кўникма ва ижодкорлик муҳим инсон капитали бўлиб, у бугунги ва келажакдаги сиёсий иқтисодиётдаги қудрат ва бойликнинг энг муҳим элементларидан биридир. Дарҳақиқат, иқтисодий кўрсаткичларни илгари суришда асосий ресурслар билан бир қаторда қобилиятли, ижодий ва малакали кадрлар муҳим рол ўйнайди. Маълумки, кўплаб уйғоқ миллатлар ва давлатларнинг мақсади тараққиётга эришишдир. Ривожланиш ҳар хил мезонларга эга. Лекин иқтисодий мезонлар одатда мамлакат тараққиётининг асосий кўрсаткичидир. Масалан, мамлакатларнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлари ёки ЯИМ кўрсаткичига мурожаат қилишимиз мумкин. Даромад ва ЯИМнинг юқори даражаси мамлакатнинг иқтисодий қудратини кўрсатади. Бундай мамлакат турли иқтисодий, маданий ва ижтимоий соҳаларга сармоя киритиш имкониятига эга. Шунинг учун бундай давлатлар жамиятнинг барча табақаларида ўз фуқароларининг ўсиши ва ривожланишини таъминлай олади. Иқтисодий ўсишга ёки иқтисодий маҳсулотнинг қўшимча қийматини оширишга ёрдам берадиган ҳар қандай ишлаб чиқариш омили, албатта, бошқа ишлаб чиқариш омиллари орасида алоҳида ўрин тутади.

Техника ва технология иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида муҳим таъсир кўрсатади. Дунё мамлакатларининг иқтисодий аҳволи ва уларнинг ривожланиш даражасига назар ташласак, ривожланаётган ва ривожланган давлатлар ўртасидаги  тафовутлар пайдо бўлишининг сабабларидан бири ғарбда учта саноат инқилоби натижасида эришилган ривожланган мамлакатлардаги илмий-техник тараққиётдир. Биринчи саноат инқилоби (мил. 1784) даврида ишлаб чиқаришни механизациялаш учун сув ва буғ энергияси ишлатилган. Иккинчи саноат инқилобида (1870) электр энергияси фабрикаларда оммавий ишлаб чиқариш учун ишлатилган. Ва учинчи саноат инқилобида (1969) электрон фан ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда; Ишлаб чиқариш, ишчи кучи моҳияти, алоқа ва ахборотлаштириш ва бошқа соҳаларда чуқур ўзгаришлар юз берди.

Биз технология тезлиги олдинга қараганда анча тез бўлган ва ИТ, АКТ, космик технологиялар, сунъий интеллект каби турли технологиялар комбинацияси  инсон ҳаётида жиддий, тизимли ва чуқур ўзгаришлар қилаётган асрда яшаяпмиз. Бу давр тўртинчи саноат инқилоби деб номланади. Ақлли шаҳарлар, ақлли саноат, ақлли қишлоқ хўжалиги, ақлли транспорт ва ақлли соғлиқни сақлаш тизими тўртинчи авлод саноат инқилобининг ривожланишига мисол бўла олади. Технологларнинг фикрича, янги технологиялар пайдо бўлиши билан тўртинчи саноат инқилобининг  кўлами кенгайгач, ҳаёт сифати ва глобал иқтисодиёт ошади. 3Д принтерлар, сунъий интеллект, роботлар, ИоТ, ўзиюрар транспорт воситалари, нанотехнология, биотехнология, материалшунослик, энергияни сақлаш, квант ҳисоблаш ва шу каби технологиялар.

Тўртинчи саноат инқилоби, бошқа саноат инқилоблари каби, глобал даромадларни ошириш имкониятига эга. Ишлаб чиқариш усулларининг ўзгариши, тадқиқот ва илмий ресурслар қўлга киритишнинг чексиз  имкони, маркетинг ва янги бозорларни кашф этиш, сотиш ва тарқатишнинг янги усуллари, алоқа, тижорат ва тижорат харажатларини камайтириш, рақамли дунё ва вертуал оламдан фойдаланиш кабилар иқтисодий ўсиш

ва янги бозорларнинг шаклланишига олиб келиши мумкин. Бугунги кунда, иқтисодиётнинг турли соҳаларига кириб келаётган янги компаниялар, илм-фан ва технология оламидаги янги асбоблар ёрдамида, мавжуд ва тажрибали компанияларни тезда рақобатдан чиқариб юбориши ёки улар билан бир қаторда фаолият юритиши мумкинлиги ҳақида кўпчилик яхши билади. Тўртинчи саноат инқилоби кичик ва ўрта бизнесга тезроқ пул топиш ва бизнесга сармоя киритиш имкониятини беради. 

Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси йилларда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 60% дан ортиғи рақамли иқтисодга тўғри келади ва кейинги ўн йил ичида иқтисодиётда яратилган қўшимча қийматнинг қарийб 70% рақамли операцион тизимлар асосида фаоллаштирилади. ВИСА томонидан эълон қилинган ҳисобот шуни кўрсатадики, рақамли тўловлар 2011 йилдан 2015 йилгача 70 мамлакатнинг ЯИМсига 296 миллиард доллар қўшган. Энди, иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришларга мослаша олмайдиган давлатлар, шубҳасиз, ривожланган мамлакатлардан иқтисодий масофаси янада катталашади ва ривожланган иқтисодиёт билан рақобатлашиш қобилиятини йўқотади.

Тўртинчи саноат инқилоби яратган иш муҳити ҳозирги баъзи ривожланаётган мамлакатлар яшаётган шароитдан тубдан фарқ қилади. Янги технологиялардан фойдалана олмаслик иқтисодий ўсиш ва рентабелликни пасайишини билдиради. Бу масаланинг муҳим аҳамиятга эга эканлиги, Жануби-Ғарбий Осиё минтақасидаги баъзи мамлакатларни бу борада сармоя киритишга ундади. Масалан, Туркия технология сиёсатида маиший техника, машинасозлик ва тўқимачилик каби айрим саноат тармоқларига эътибор қаратилган. Ёки фақат рақамли иқтисодга сармоя киритган БАА, Қатар ва Саудия Арабистони каби баъзи кўрфаз мамлакатлари. Тўртинчи саноат инқилобининг муҳим хусусияти биология, физика ва кибернетика фанлари чегарасининг ўзаро яқинлашувидир.

Исломий Эрон узоқ вақтдан бери технологиянинг турли соҳаларида изланишлар бошлади. Роян тадқиқот институти директори марҳум доктор Саид Казими Оштиё ( вафот1991)нинг илмий ва тадқиқот лойиҳалари, эмбрион илдиз ҳужайраларини ишлаб чиқариш, кўпайтириш ва музлатиш, бепуштликни даволашнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ҳайвонларни клонлаш Эрон  биология соҳасида технологиялардан фойдаланиш учун биринчи қадамлар эди. Ўша йилларда биринчи босқич эмбрион илдиз ҳужайраларининг ишлаб чиқарилиши Эрон ёш тадқиқотчиларининг илм чегараларидаги муваффақияти ва ўзига бўлган ишончининг энг муҳим ва ёрқин кўринишларидан бири бўлиб, кейинчалик бу жараён Исломий инқилобнинг муаззам раҳбари оятуллоҳ Хоманаий кўмаги билан давом этди. Роян илмий-тадқиқот институти - ҳозирги кунда мамлакатда фаол био фанлар соҳасидаги инноваторлар ва изланувчиларнинг қимматли ташкилотларидан бири ҳисобланади.

Биотехнология соҳасида Эрон дунёнинг энг яхши 15 мамлакатидан бири бўлиб, фармацевтика ва ваксина саноати, чорвачилик, паррандачилик ва сув маҳсулотлари етиштириш, қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларга сармоя киритган. Бу соҳадаги ютуқлар етакчи давлатлар билан технологик тафовутни камайтириш билан бирга, турли мамлакатларга экспорт қилишга муваффақ бўлди. Эрон фармацевтика маҳсулотларининг 70% га яқини биотехнологияга асосланган ва рекомбинант дорилар билан боғлиқ. Эронда билимга асосланган юзлаб компаниялар биотехнология соҳасида фаолият юритади. Эрон илм-фанга асосланган компаниялар экспортидан тушган даромаднинг деярли ярми биотехнология соҳасига тўғри келади.

Эрон иқтисодиётининг яна бир муҳим соҳаси - бу нанотехнология бўлиб, унга бойлик орттириш ва одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида сармоя киритилган. Нанотехнологиялар бўйича Эрон дастурининг муҳим марказлари энергетика, қурилиш, сув ва атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигини қамраб олади. Эрон нано маҳсулотларининг экспорт бозорлари 40 дан ортиқ мамлакатлар бўлиб, қурилиш, оптоелектроника, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳаларидан ташкил топган.

Транспорт соҳасини ақлли саноатга айлантириш - Эрон технологиясининг яна бир йўналишдир. Ақлли транспорт хизматларининг катта қисми дастурий таъминотда тақдим этилганлиги сабабли, уларни осонгина тижоратлаштириш ва экспорт қилиш мумкин.

Биз айтганлар, Эрон Ислом Жумҳуриятининг технология соҳасидаги режалаштириш ва сиёсатининг ютуқларига кичик бир ҳавола. Тўртинчи саноат инқилоби Жануби-Ғарбий Осиё минтақаси мамлакатлари бирлашиши учун яхши имконият бўлиши мумкин. Бу инқилобни амалга ошириш учун ташкилотлар ва соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар, технология билан компаниялар ва мамлакатлар ўртасида технологик ҳамкорлик талаб этилади. Шу муносабат билан, агар сармоя ва режалаштириш бўлмаса ва тегишли ишчи кучи ўқитилмаса, иқтисодий муаммолардан ташқари, биз ҳатто тўртинчи саноат инқилоби маҳсулотларидан фойдалана олмаслигимиз мумкин. Шундай қилиб, жаҳон бозорида бўлиш ва уни ушлаб туриш учун тўртинчи саноат инқилобига қўшилиш лозим. Тўртинчи саноат инқилобига йўл очадиган ва сунъий интеллект каби асбобларидан фойдаланадиган мамлакат сифатли, рақобатбардош ва стандарт ишлаб чиқаришга эга бўлиши мумкин. Бу Жануби-Ғарбий Осиё минтақаси мамлакатлари учун жуда зарур.

Ёрлиқ