декабр 29, 2018 10:39 Asia/Tashkent
  • Хорижга чиқиш паспорти учун тўланадиган бож миқдори тасдиқланди
    Хорижга чиқиш паспорти учун тўланадиган бож миқдори тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга асосан, хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизини ташкил қилади (243 276 сўм).

16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 80 фоизини ташкил қилади (162 184 сўм).

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги йўқ шахсларга, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 100 фоизини ташкил қилади (202 730 сўм).

Эслатиб ўтамиз, янги паспорт тўқ қизил рангда ва 48та саҳифадан иборат бўлади. Уни олиш учун фуқаролар яшаш жойидаги ички ишлар бўлимига мурожаат қилиши, иш жойи, ўқиш жойи ёки маҳаллий бошқарув идоралари томонидан тасдиқланадиган анкета-аризани топшириши лозим бўлади. Шунингдек, 3,5х4,5 см ўлчамдаги фотосурат, паспорт нусхаси, ҳарбий бўлимдан маълумотнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун) ҳам тақдим қилинади.

Ёрлиқ

Шарҳ