июл 30, 2019 10:45 Asia/Tashkent
  • Абдулазиз Комилов Япония ТИВнинг махсус вакили билан учрашди

2019 йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга амалий ташриф билан келган Япония ТИВнинг Марказий Осиё ишлари бўйича махсус вакили Ҳидеки Уямани қабул қилди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилди, дейилади ТИВ хабарида

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик деярли барча йўналишларда барқарор ва ўсувчан аҳамият касб этиши ҳамда ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланиши қайд этилган. Давлатлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан томонларнинг мавқелари мос келиши ва ёндашувларининг ўхшашлиги таъкидланган.

Июль ойининг биринчи ярмида Токио шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Япония ва Япония – Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик қўмиталарининг қўшма йиғилишининг, Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Япония вазирлик ва идоралари, етакчи ишлаб чиқариш ва молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувларининг муваффақиятли якунлари мамнуният билан эътироф этилди, дейилади хабарда.

Учрашувда йилнинг иккинчи ярмида бўладиган олий ва юқори даражалардаги учрашувларнинг жадвали ва кун тартиби бўйича фикр алмашилган.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон ва Япония ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 17-раунди ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Япония ТИВнинг Марказий Осиё ишлари бўйича махсус вакили Ҳидеки Уяма бошчилигидаги делегациялар икки томон кун тартибининг кенг кўламли масалалари юзасидан фикр алмашди, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамда БМТ, бошқа глобал ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқди.

Ёрлиқ

Шарҳ