октябр 11, 2019 15:46 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Ашхободда қатор давлатлар  раҳбарлари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободда ўтказилган МДҲ раҳбарлари саммити доирасида қатор давлатлар раҳарлари билан учрашиб мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев Ашхободга келгач, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқот қилди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган.

Кун. уз сайтининг хабар қилишича, МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Туркманистонга борган Ўзбекистон Республикаси Президенти  Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон билан ҳам учрашганида, мамлакатлар ўртасида узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этди.

Шунингдек Шавкат Мирзиёев Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказди.

Икки мамлакта раҳбарлари учрашувида, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Бугун  МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Ашхободдаги мажлиси дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

 Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Учрашувда савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида ва бошқа устувор йўналишларда икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Президентлар бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиқдилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Ёрлиқ

Шарҳ