ноябр 12, 2019 14:56 Asia/Tashkent
  • 1 миллион доллар эвазига Бош вазир Абдулла Арипов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзосини қалбакилаштирганларга суд ҳукми ўқилди

Бош вазир Абдулла Арипов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзосини қалбакилаштириб ярим миллион долларни қўлга киритган фирибгарлар Ҳокимият бўлим бошлиғи бўлиб чиқди. Бу ҳақда Жаҳон интернет нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг суд органларидаги манбасига кўра, судланганлардан икки нафари Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган, иккитаси вақтинча ишсиз ва бир нафари юрист бўлган.

Судланувчи А.А. ва Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимлиги қурилиш бўлим бошлиғи А.К.лар бир гуруҳ бўлиб, 2017 йил февраль ойида А.А.га А.К.ни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ходими сифатида таништирган ва жабрланувчи Г.Г.ни ҳамда фуқаровий даъвогар Б.Фатиллоевларни пора беришга далолат қилиб, ҳокимликда юқори мансабларда ишлайдиган шахслар орқали Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқумий кўчасида жойлашган 0,93 га. ҳамда Яшнобод тумани, Шаҳрисабз кўчасида жойлашган 0,26 га. ер майдонларининг ҳар бир сотихига 10.000 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 1.190.000 АҚШ доллари (9.314.403.700)га Тошкент шаҳар ҳокимининг эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи қарорини чиқартириб беришларини ваъда қилишган.

Шу билан бирга 2018 йил июнь ойида ер ажратилиши юзасидан ишларни амалга ошираётганликларига Г.Г.ни ишонтириш учун судланувчи Б.Б. Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири А.Ариповнинг номи билан сохта баённома расмийлаштириб, Г.Г.га тақдим этган.

Шу билан бирга 2018 йил сентябрь ойида ер ажратилиши юзасидан ишларни амалга ошираётганликларига ишонтириш учун ер майдонлари ажратилишига рухсат берувчи Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Артикходжаев ва ҳокимликнинг масъул ходимларининг номи кўрсатилган сохта қарорни тузиб, унга тақдим этган жабрланувчидан жами 527.000 АҚШ долларини олган, қолган 663.000 АҚШ долларини қўлга киритишидан аввал қўлга тушган.

Бир неча ой давом этган тергов ҳаракатларидан сўнг, иш судда кўриб чиқилди ва судья ҳукм ўқиди.

Ҳукмга кўра, А.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди ва узил-кесил ўташи учун 5 (беш) йил-у 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони ўташ муддати 13.03.2019 йилдан бошлаб ҳисоблансин.

А.К. эса Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди ва у узил-кесил ўташи учун 1 (бир) йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, яъни давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ва 5 (беш) йил-у 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Хабарда айтилишича, қолган судланувчиларга ҳам турли хилдаги жазо чоралари кўрилган.

 

Ёрлиқ

Шарҳ