ноябр 13, 2019 11:36 Asia/Tashkent
  • Теҳрон—Тошкент ўртасида  авиарейслар йўлга қўйилади

Эроннинг Zagros Airlines компанияси Ўзбекистоннинг авиаташувлар бозорига киришни режалаштирётганини маълум этган.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига таяниб, Дарё сайтига кўра, компания Теҳрон—Тошкент—Теҳрон йўналишида қатновларни амалга оширади.

Zagros Airlines компаниясининг аризаси Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро келишув ва Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг топшириғига биноан Фуқаро авиацияси агентлиги томонидан 2019 йилнинг 11 ноябрида кўриб чиқилган.

Агентлик авиарейсларнинг қачон ва қандай частотада йўлга қўйилиши ҳақида маълумот бермаган.

Zagros Airlines компаниясининг штаб-квартираси Теҳрон шаҳрида жойлашган бўлиб, Ободон ва Меҳробод халқаро аэропортларидан фойдаланади. Компанияга 2005 йилда асос солинган бўлиб, ҳозирги кунда унинг авиафлоти 18 та самолётдан иборат.

Компания Airbus А319-100, Airbus А320-200, Airbus А321-200, McDonnell Douglas MD-82 ва McDonnell Douglas MD-83 самолётларида Эрон, Арманистон, Озарбайжон, Ироқ, Туркия ва БААга парвозларни амалга оширади.

Ёрлиқ

Шарҳ