ноябр 14, 2019 14:49 Asia/Tashkent
  • Гулнора Каримова ҳам пахта теряптими?

Зангиота қамоқхонасидаги аёллар мажбуран пахтага чиқариляптими, Гулнора Каримова қаерда?

Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги аёллар колонияси мажбуран пахта теримига чиқарилмоқда. Ушбу колонияда марҳум Президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова жазосини ўтаётган эди.

Fergana.agency сайтининг ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Довлатовага таяниб ёзишича, Зангиотадаги 42-сон жазони ижро этиш колониясида сақланаётган аёллар Жиззахда пахта теришга мажбурланмоқда.

"Кунлик нормани бажара олмаган маҳкумалар қолган пахтани ўз ҳисобидан сотиб олишига тўғри келмоқда", дейди Татьяна Довлатова.

Довлатованинг Би-би-сига айтишича, пахта теришга мажбурланганларнинг орасида ҳали яраси битмаган беморлар ҳам бор.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, 42-сон қамоқхона маҳкумларини пахта очилгандан бошлаб Жиззахга пахта теришга ҳайдашган.

"Маҳкумлар жуда оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлган. Улар фақатгина ариқдан оқаётган совуқ сувда ювинишга тўғри келган. Саҳар соат 5 да туриб, қоронғи тушгунча далада бўлишга мажбурланган", дейилади хабарда.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, бир кунлик норма 60 гоҳида 120 килони ташкил қилган. Пахтани теролмаганлар уни фермердан килосини 1500 сўмдан сотиб олишга мажбур қилинган.

Маҳкумларнинг қариндошлари уларга режани тўлдиришда ёрдамлашиш учун қарз олишига тўғри келаётгани айтилади.

Довлатованинг айтишича, ювиниш учун иситилган бир челак сув маҳкумаларга 10 минг сўмдан сотиляпти.

Ўзбекистонда маҳкумларнинг мажбуран пахтага чиқарилиши бошқа муассасаларда ҳам учраши қайд қилинган.

50 - сонли жазони ижро этиш колоннаси маҳкумлари Жиззах вилоятига пахтага чиқарилганлиги тўғрисида ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Ерлаева ва Солмаз Аҳмедовлар хабар берганди.

Жазони ижро этиш бошқармаси нима дейди?

Би-би-си ИИВ қошида Жазони ижро этиш бош бошқармаси матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилди.

Навбатчи бошқармада телефон ўтказиш ишлари кетаётганлиги боис матбуот хизматининг телефон рақамлари ишламаётганини билдирди.

Гулнора Каримова ҳам пахтага чиқдими?

Бу савол ҳам очиқ қолмоқда. BBC Uzbek бир эмас, бир неча бор тегишли мутасадди идоралардан Зангиота қамоқхонасидаги маҳкумларнинг мажбуран пахтага чиқарилгани ҳақидаги хабарга муносабатини олишга ҳаракат қилди. Барча ҳаракатларимиз ҳозирга қадар зое кетди.

Зангиотадаги аёллар қамоқхонаси ўзининг машҳур маҳкумаси - Гулнора Каримова номи ортидан танилган.

Марҳум Ислом Каримовнинг тўнғичи шу йилнинг март ойидан бери мазкур қамоқхонада сақланиб келинаётган эди.

Шу йилнинг 18 июл куни унинг адвокати Грегуар Манжа твиттерда Гулнорани Зангиота қамоқхонасидан тез тиббий ёрдам машинасида олиб чиқиб кетишганини ёзди.

Ҳимояси остидаги шахс билан кўриша олмаётган адвокат Манжа 16 сентябр куни Гулнора Каримова Яшнаобод туман судидан номаълум томонга олиб кетилганини хабар берди.

Август ойида Бош прокуратура Гулнора Каримовага қарши янги жиноят иши очилганини маълум қилганди.

Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи 2015 йили 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида Бош Прокуратура 2017 йили хабар берган.

2017 йил 18 декабрида эса унинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани билдирилган.

Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.

АҚШ, Голландия, Швеция ва Швейцария ҳукуматлари Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилган.

Каримовага "жиноий йўллар билан топилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни ундириш мажбурияти" юкланган.

Ўзбекистон Бош Прокуратураси Гулнора Каримованинг хориждаги маблағ ва активларини Ўзбекистонга қайтаришда шаффофлик таъминланишини айтган.

Бироқ Гулнора Каримованинг қизи Имон Ўзбек расмийларини онаси билан келишувни бузганликда айблайди.

                BBC

Ёрлиқ

Шарҳ