ноябр 16, 2019 13:18 Asia/Tashkent
  • Туркия ИШИДга алоқадор 82 нафар ўзбекистонликни депортация қилади

Туркия ИШИД террорчилик ташкилотининг 959 нафар аъзосини депортация қилади, улар ҳозирда вақтинча сақлаш марказларидадир. Бу ҳақда Hurriyet нашри маълумоти асосида Kun.uz хабар берди.

Қайд этилишича, депортация қилинадиган шахслар орасида 82 нафар ўзбекистонлик, 10 нафар қозоғистонлик, 23 нафар қирғизистонлик, 6 нафар туркманистонлик ва 99 нафар россиялик бор.

Нашрнинг ёзишича, вақтинча сақлаш марказидаги 959 нафар шахснинг 147 нафари ёш болалардир. Болаларнинг аксарияти Суриядаги можаро вақтида ота-онасини йўқотгани айтилади.

Шунингдек, депортация қилинувчи хорижий фуқаролар орасида 17 германиялик, тўрт украиналик, уч нидерландиялик, икки франциялик, 29 нафар озарбойжонлик, 13 мисрлик, 11 афғонистонлик, тўққиз фаластинлик, олти покистонлик ҳамда бошқа давлатлардан фуқаролар бор.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ИШИДнинг икки ярим мингга яқин аъзоси Туркия қамоқхоналарида эканини маълум қилганди. Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг раҳбари Сулаймон Сойлу сўзларига кўра, Туркия «ИШИД аъзолари учун меҳмонхона эмас». У қамоқхоналарда сақланаётган жангариларни ватанларига депортация қилишни бошлаш ҳақида ваъда берди.

Туркия Ички ишлар вазирлиги 11 ноябрь куни АҚШ фуқароси депортация қилингани ҳақида хабар берди. 14 ноябрь куни етти нафар Германия фуқароси депортация қилинди. Шунингдек, 11 франциялик ва ИШИДнинг Ирландия ҳамда Даниядан собиқ жангарилари депортацияга тайёрланмоқда.

Ёрлиқ

Шарҳ