декабр 11, 2019 15:12 Asia/Tashkent
  • Хоразмда газ йўқлигидан қийналган аёллар магистрал йўлни тўсиб қўйишди

Шу йилнинг 9 декабрь куни Хоразм вилояти, Шовот туманидаги Чиғатойқалъа қишлоғининг Наврўз маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар табиий газ таъминотидан норози бўлиб, магистрал йўлни намойишкорона тўсиб қўйишди.

“Xabar.uz” мухбирининг хабар беришича, ушбу ҳудуд 2015 йилдан буён табиий газдан узиб қўйилган бўлиб, аҳоли куз-қиш мавсумида кўмир ва ўтин билан хонадонларини иситади. Табиий газ йўқлигидан норози бўлган маҳалла аҳолиси катта серқатнов йўлни тўсиш билан ўз норозиликларини намойиш қилишган. Уларнинг аксарияти аёллар бўлган.

Воқеа жойига Шовот тумани ҳокими Х.Отахонов етиб борган ва масалага ойдинлик киритиш мақсадида намойишчилар билан музокара мулоқоти олиб борган. Аёллар куз-қиш мавсуми бошлангандан буён суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш масаласи ҳам эътиборсиз қолдирилиб келинаётганидан шикоят қилишган.

“10 декабрь куни Шовот туман ҳокими Х.Отахонов Наврўз маҳалласининг 105 хонадонини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш чораларини кўрган”, дея хабар беради Шовот туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ёрлиқ

Шарҳ