Январ 16, 2020 13:43 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Сергей Лавровни қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавров билан учрашди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, учрашув аввалида Мирзиёев стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш суръати тобора ортиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.

Қайд этилишича, олий даражадаги мулоқот мунтазамлик касб этгани, ўзаро алмашинувлар мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда кенгайиб бораётгани бундан далолат беради.

Сергей Лавров самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда Россия президенти Владимир Путиннинг дилдан саломларини етказди. Икки раҳбарнинг мамлакатлар ўзаро ҳамкорликда бугунги даражага эришишидаги ҳал қилувчи роли алоҳида қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик мавзулар юзасидан фикр алмашилди.

 

Ёрлиқ

Шарҳ