Январ 24, 2020 19:34 Asia/Tashkent
  • 2019 йилда 308 нафар меҳнат муҳожирининг жасади Ўзбекистонга олиб келинган

2019 йилда хорижда ишлаш чоғида вафот этган 308 нафар меҳнат муҳожирининг жасади Ўзбекистонга олиб келинган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов 23 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Хорижга ишлашга кетган фуқароларимизнинг ўша ерда вафот этиши – жуда аянчли ҳолат. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомда хориждаги меҳнат фаолияти давомида вафот этган фуқароларнинг жасади қайси ҳолатларда жамғарма ҳисобидан олиб келиниши белгилаб қўйилган.

Шунга қарамай мазкур масала бўйича мурожаат қилганларнинг ҳеч бирига рад жавобини бермаганмиз”, дея Бахтиёр Турсуновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда қайд этилишича, хорижда ишлаётган вақтида вафот этган фуқароларнинг жасадини жамғарма ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келиш учун кўп ҳужжат талаб этилмайди. Мутасаддиларга кўра бунинг учун мурожаат муаллифининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда вафот этган фуқаронинг ўлими ҳақидаги маълумотнома бўлса кифоя.

“Вафот этган фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш иккита жараёндан – жасадни олиб кетишга тайёрлаш ва транспортировка қилишдан иборат. Фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш харажатларининг чегараланган миқдори бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра бу миқдор фуқаро вафот этган давлатига қараб 1000-1500 долларни ташкил этади. Бу пул транспорт хизматлари ва бошқа харажатларни қоплашга сарфланади”, дейди Бахтиёр Турсунов.

Ёрлиқ

Шарҳ