феврал 20, 2020 17:34 Asia/Tashkent
  • Президент Мирзиёев Ўзбекистонда солиқ тизими йўқлиги учун Ботир Парпиев \\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\
    Президент Мирзиёев Ўзбекистонда солиқ тизими йўқлиги учун Ботир Парпиев \\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\"алмаштирганини\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\\" айтганди

19 феврал куни Президент қарори билан Маҳалла ва оила масалалари вазири ўринбосари этиб тайинланганини 73 яшар Ботир Парпиевнинг шахсан ўзи Би-би-сига тасдиқлади.

"Бугун Президент қарори билан тайинландим. Ҳали ўзим қарорни қўлимга олганим йўқ", деди Ботир Парпиев Би-би-си билан телефон орқали суҳбатда.

Парпиевнинг айтишича, у янги вазирликда оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, томорқа ва ободонлаштириш, экология, бандликка кўмаклашиш масалаларига масъул бўлади.

Би-би-си Ботир Парпиевдан 2018 йил майида Солиқ қўмитаси раҳбарлигидан кетганидан сўнг қатор қариндошларининг ҳам бирин-кетин ишдан олинишига муносабатини сўради.

Парпиев уларнинг ишдан олинганини тасдиқлади, аммо тафсилотлар ҳақида гапирмади.

Истеъфодаги генерал яқин қариндошларининг кейинги тақдири ҳақидаги саволга ҳам жавоб бермади.

У Солиқ қўмитасига 13 йил раҳбарлик қилган.

Давлат солиқ қўмитаси раҳбарини (Ботир Парпиев - таҳ.) алмаштирганим бежиз эмас, сабаби бизда солиқ тизими йўқ. Ҳали иш кўп

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Бунгача Ички ишлар вазири ўринбосари, Фавқулодда вазиятлар вазири, Давлат Божхона қўмиталари раиси лавозимларида ишлаган.

Соғлиги туфайли кетган

2017 йил октябрида Ботир Парпиев саломатлиги туфайли Солиқ қўмитаси раислигидан бўшаш ҳақида ариза ёзгани хабар қилинганди.

Президент Мирзиёев бу аризани қабул қилмаганини видеоселектор мажлислардан бирида айтган.

 2018 йил 11 май куни Ботир Парпиев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси ўринбосари лавозимига тайинланганди.

2018 йилнинг 29 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда солиқ тизими яратилмагани учун Ботир Парпиевни ишдан олганини айтганди.

"Давлат солиқ қўмитаси раҳбарини (Ботир Парпиев - таҳ.) алмаштирганим бежиз эмас, сабаби бизда солиқ тизими йўқ. Ҳали иш кўп", дея Шавкат Мирзиёев видеоселекторидан иқтибос келтиради кун.уз сайти.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев ишдан олинди

Қуда-анда генераллар

Ботир Парпиев Ислом Каримов ҳукуматида энг узоқ ишлаган мулозимларидан бири.

У Ўзбекистоннинг собиқ қудратли хавфсизлик хизматлари раҳбари Рустам Иноятовнинг қудаси.

1995 йилдан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматини бошқарган Иноятов 2018 йил 31 январида истеъфога чиқарилганди.

Унинг кетказилиши Мирзиёев хавфсизлик хизматлари тузилмасида ислоҳотларни бошлаган пайтга тўғри келган.

Иноятовнинг кетиши ортидан МХХ Давлат хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилган.

Аммо қудратли генерал Президент маслаҳатчиси ва сенатор лавозимларини эгаллаган.

Каримов бошқарувининг охирги йилларида Иноятов амалда ҳокимиятни назорат қилгани айтилади.

Қариндошларнинг тақдири

Парпиев 2018 йил лавозимдан олингандан кейин сўнг kun.uz нинг хабар беришича, унга яқин бўлган 5 шахс давлат идоралари ва бошқа лавозимли ишлардан олингани маълум бўлган.

2018 йил майда Ботир Парпиевнинг укаси Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Қодир Парпиев ишдан олинган.

Ўша вақтда Парпиевнинг ўғли Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик ҳуқуқий департаменти бошлиғи бўлиб ишлаган Дилшод Парпиев ҳам лавозимни тарк этган.

Шунингдек, собиқ Солиқ қўмитаси раисининг жияни Андижон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи полковник Шуҳрат Парпиев ҳам ишдан кетгани хабар қилинган.

Бундан ташқари, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Анвар Парпиев лавозимидан озод қилинган. У Ботир Парпиевнинг укаси Қодир Парпиевнинг ўғли экани айтилади.

Кун.уз нашрининг ёзишича, "Асака" акциядорлик тижорат банки Андижон вилоят филиалининг бошқарувчиси Зафар Парпиев ҳам ишдан кетган. У ҳам Ботир Парпиевга қариндошлиги айтилади.

 

Ёрлиқ

Шарҳ