феврал 24, 2020 18:26 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 17-23 феврал кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон ва Туркия президентлари муҳим ҳужжатлар имзоладилар.
  2. ЎзА сайти журналистлари иш ташладими?
  3. Туркманистон сунъий йўлдоши ўзбек телеканаллари трансляциясини узиб қўйди.
  4. Ўзбекистонда халқаро террористик ташкилотлар аъзолари қўлга олинди.
  5. «Микрокредитбанк» ва «Халқ банки»нинг собиқ раиси қочаётганда қўлга олинди​.
  6. Каримов даврининг қудратли амалдори Ботир Парпиев ҳукуматга қайтди.
  7. Блогер Отабек Нуритдинов ароқ дўкони эгалари томонидан калтакланди.
  8. Қашқадарё вилоят прокуратураси олдида аёл киши ўзини ёқиб юборди.

 

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари иштирокида ўтказилган стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши якунида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Кун.уз сайтига кўра, Президентлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказиш борасида фикрларини айтишди.

Учрашувда транспорт соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари учрашувда қишлоқ хўжалиги тармоқлари, жумладан, интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳам фикр алмашишди. Бу борада Туркиянинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, университетлар ва илмий марказлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистонда замонавий қўшма клиникалар ва диагностика марказлари ташкил этиш, кичик бизнес, тўқимачилик каби йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш таклифи кўриб чиқилди.

Унда шунингдек, қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар, жумладан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш борасида ҳам фикрлашилди.

Анқарада Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши якунида давлат раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари тўртта ҳужжат имзолашди.

Жумладан, Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған «Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг якунлари бўйича Қўшма Баёнот»ни имзолаган бўлса, яна қуйидаги ҳужжатлар икки давлат ҳукуматларининг бошқа вакиллари томонидан имзоланди:

«Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар Режаси»;

«Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Туркия Палаталар ва товар биржалари иттифоқи ҳузуридаги Иқтисодиёт ва технологиялар университети билан ҳамкорлик тўғрисида»;

«Имтиёзли савдо битими бўйича музокаралар тўғрисида».

Музокаралардан кейин Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев иштирокида брифинг ташкил этилди.

Х  Х  Х

Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигининг фаол журналистлари ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда Журналист.уз канали хабар берди.

Ариза ёзганлар орасида Анора Содиқова, Сайёра Шоева, Норгул Абдураимова, Инобат Аҳатова бор.

Image Caption

"Мен-ку ёшман, ҳали соҳага кириб келганимга кўп бўлмади. Аммо касбий ва ҳаётий тажрибаси катта, қалами ўткир ҳамкасбларим Норгул Абдураимова, Сайёра Шоева, Анора Содиқоваларнинг шу қарорга келиши вазият, ижодий муҳит қанчалик оғирлашганини кўрсатмоқда. Бирга ишладик, ишдан ҳам бирга кетар эканмиз..." деб ёзди Инобат Аҳатова.

Ариза ҳақидаги расм-постни эълон қилган Норгул Абдураимова бир неча соатдан сўнг постини ўчириб, "Бундан олдинги постни ўчиришга мажбур бўлмоқдаман. Пост ўчирилса, ноҳақлик барҳам топишини айтишди. Ёнимизда турган дўстларга минг бор ташаккур! Яшасин, Жамоатчилик фикри!" деб ёзди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 2 декабрда "Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" Президент қарори қабул қилинган эди.

Қарорнинг 1-иловасига кўра, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Веб-ресурслар билан ишлаш таҳририятига 15 та ходим бириктирилган. Ходимларнинг умумий чекланган сони 155 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари сони 13 нафар этиб белгиланган.

Х  Х  Х

Тошкентда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлари ва аъзоларининг фаолиятига чек қўйилган.

Дарё сайтининг хабар қилишича, улар ҳозирда Сурияда халқаро террористик ташкилоти (ТЖК) сафида фаолият юритаётган 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Ўзбекистон фуқароси А.Шодибековнинг ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан кўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, ТЖК таркибига қўшилишни режалаштирган.

Жиноят кодексининг 1552-моддаси 1-қисмига (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахс қўлга олинган.

Қайд этилишича, ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилган. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом этмоқда.

Х  Х  Х

АТБ “Микрокредитбанк” бошқаруви собиқ раиси Муродулло Эшматовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Бу ҳақда “jahon.uz” сайти ўз манбаларига таяниб, хабар тарқатди.

Унга кўра, “банкир” мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, ўзгалар мулкини ўзлаштириш ва пора олишда гумонланмоқда. Алоҳида қайд этилишича, М. Эшматов ўзига нисбатан жиноят иши очилганини билгач, қочишга уринади, “...аммо олиб борилган тезкор тадбир натижасида у қўлга олинган ва вақтинчалик эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган”.

Муродулла Эшматов фаолияти давомида Марказий банк раиси ўринбосари, Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, акциядорлик тижорат “Халқ банки” бошқарув раиси каби масъул лавозимларда ишлагани айтилади.

У 2019 йилнинг октябрь ойида “Микрокредитбанк” АТБ бошқаруви раиси этиб тайинланган эди. Кўринадики, охирги иш жойидаги фаолияти тўрт ойга етмаган.

Х  Х  Х

Асакалик блогер Отабек Нуритдинов Холид ибн Валид жомеъ масжиди яқинида ароқ дўкони очилгани ҳақида фотопост жойлаганидан сўнг дўкон эгалари томонидан калтакланган. Бу ҳақда блогернинг ўзи Фейсбукда маълум қилди.

Image Caption

Бугун эрталаб блогер "Ушбу расмга кўзим тушиб, биринчи келган хаёл шу дўконда савдо қилаётган ва дўкон эгалари ўзимизнинг ўзбеклармикин? деб ўйладим. Асакадаги ишлаб турган Холид Ибн Валид масжиди ва Асака тумани ҳокимлиги матбуот хизматидан муносабатини кутиб қоламиз" деб ёзиб, шу суратларни илова қилган.

Блогернинг айтишича, расмни чиқаргандан сўнг унинг олдига ароқ дўконининг эгаси ва онаси келиб, нима мақсадда чиқарганини сўрашган.

Отабек Нуритдинов "Агар ҳужжатларингиз тўғри бўлса ва менинг постимдан норози бўлсангиз, ИИБ ходимлари ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин", деб айтган.

Шундан сўнг йигитлар агрессив муносабатда бўлиб, блогерга мушт туширган. Блогернинг таъкидлашича, йигитлар унга ўлим билан ҳам таҳдид қилишган.

Блогер ўзининг ва онасининг шахсий телефон рақамини дўкон эгалари ички ишлардан олганини тахмин қилмоқда.

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ