март 28, 2020 12:09 Asia/Tashkent
  • Коронавирус юқтириб тузалган одамга яна қайта юқиши мумкинми?

Саволга умумий ҳолатда ҳа ёки йўқ деб жавоб бериб бўлмайди. Сабаби бу вирус кашф қилинганига эндигина уч ой бўлди ва ундан тузалган одам қонидаги вирусга қарши ҳосил бўлган иммунитет узоқ муддатлими ёки қисқа муддатлими, мана бу саволга жавоб бериш жуда ҳам мушкул. Сабаби биз бу ҳақда ҳали ҳеч нарса билмаймиз.

Бироқ, февраль ойида Япониядаги бир аёл коронавирус юқиб шифохонада даволаниб, соғайиб чиққач, яна тест топширганда натижа вирусга ижобий чиққани ҳақида хабар тарқалган эди. Бундай ҳолат Япониядаги бошқа бир эркакда ҳам содир бўлган. Хитойда ҳам февраль ойида қайта юқиш ҳолати ҳақида хабар берилган эди. 

Бу ҳолатлар одамларда вирусга қарши тўлақонли иммунитет ҳосил бўлмас эканда деган қўрқувни юзага келтиради. Агар шундай бўлса бу то самарали вакцина кашф қилинмагунча ушбу инфексия билан қайта ва қайта зарарланиш мумкинлигини билдиради.

Олимлар эса Япония ва Хитойдаги ҳолатлар ҳақида фикр билдиришар экан, бу каби қайта зарарланиш ҳақидаги хабарлар аниқ илмий хулоса бермайди, балки улар соғайганлиги ҳақидаги натижани текшираётгандаги тест билан хатолик ўтган бўлиши мумкин, хуллас бу борада бирор нарса айтишга ҳали жуда эрта, ҳаммасини илмий асосда текширишимиз лозим дейишмоқда. 

Шу орада 14 мартда bioxriv илмий журналида чиққан бир илмий мақолани учратиб қолдим. Унда ёзилишича, Пекиндаги Хитой тиббиёт академияси олимлари 4 та маймунга COVID-19 вирусини юқтирадилар. Бир ҳафта ўтгач уларда касаллик белгилари пайдо бўлади. Маймунлар икки ҳафта давомида даволанади. Улар тузалади. Тузалгач уларнинг қонидан вирусга қарши антитана ҳосил бўлганини аниқлашади. Кейин олимлар маймунларнинг иккитасига қайта вирус юқтиришади, лекин уларда иммунитет бўлгани учун касал бўлишмайди. Олимлар ушбу кўрсаткич ҳозирча бизга далда бермоқда, чунки ҳайвонларда ўтказилган тажрибада вируснинг қайта юқиши аниқланмади дейишмоқда. 

Лекин барибир биз ҳали бу иммунитет узоқ муддатлими ёки қисқа муддатлими буни билмаймиз, шу боис то бу саволга тўла тўкис аниқлик киритилгунича барча ўзини эҳтиёт қилиб туриши керак.

Қисқа хулоса шуки, вирусдан тузалган одам ҳозирнинг ўзида қайта вирус юқтирмайди, лекин бир ёки икки ойдан кейинчи деган саволга ҳеч ким жавоб бера олмайди. 

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Ёрлиқ

Шарҳ