апрел 10, 2020 08:11 Asia/Tashkent
  • Пиёз коронавирусни ўлдирадими?

Ижтимоий тармоқларда томонидан пиёзнинг ажойиб хусусиятлари, жумладан коронавирусни ўлдириши таърифланган видеолавҳа тарқалди.

Сўзларига қараганда Зилола исмли шахс пиёзнинг хусусиятларини жуда ишонарли тасвирлашга уринади:

– Ўзимизнинг оддий пиёзни иккига-учга бўлиб, деразалар олдига, шкафлар ичига, хуллас одам кирадиган жойларга қўйиб ташланса, бу ҳар қандай вирусни ўзига тортиб олиб, касаллик тарқалишининг олдини оларкан. Ҳар икки-уч кунда алмаштириб туриш керак экан. Эътибор бериб қаралса, ўша пиёз барча вирусларни, коронавирусни ҳам ўзига тортиб оларкан ва ўлдираркан, шу туфайли қорайиб қоларкан. Илтимос, шу видеони тарқатворинглар, ҳозиргина Қирғизистонлик акахоним айтди, улар Хитойдан кўриб шундай қилишибди – дейди опа ҳаммага саломатлик тилаганича.

Бу гаплар қанчалик асосли эканлиги билан қизиққан Kun.uz мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши кураш штаби масъул ходими Саидмурод Саидалиевдан изоҳ сўради:

– Пиёз организм учун фойдали маҳсулотлиги, жумладан бактерицид хусусиятга ҳам эга эканлиги шубҳасиз. Чунки унинг таркибида фитонцид моддалар мавжуд ва улар кўплаб бактерияларни ўлдириш хусусиятига эга. Аммо пиёзнинг вирусларни ўзига тортиб олиши ва ўлдириши сафсатадан ўзга нарса эмас. 

Бўлакларга бўлиб уйга сочиб чиқишнинг коронавирусдан ҳимоялаши ва бу касалликка даво бўлиши илмий жиҳатдан умуман асосланмаган. Пиёз ҳам кесиб қўйилса, ҳар қандай бошқа сабзавот сингари вақт ўтиб эскиради, қораяди ёки бошқа тусга киради. Бу асло вирусларга боғлиқ эмас.

Юртдошларимизга интернетдаги “мутахассис”лардан эмас, бевосита соҳа вакилларидан маслаҳат олишни тавсия қилган бўлардим, – деди С. Саидалиев суҳбатда.

Ёрлиқ

Шарҳ