май 26, 2020 11:06 Asia/Tashkent
  • Нега Самарада яна юзлаб ўзбекистонликлар тўпланди?

Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари режалаштирилмаган ва келишилмаган тадбирларни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида аввал огоҳлантирилганликларига қарамасдан Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали ватанга қайтиш истагида бўлган ўзбекистонликларнинг Россия—Қозоғистон чегараси яқинида, Самара вилоятида тўпланиши давом этмоқда/

Ўзбекистон ТИВ-ига таяниб, Кун сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ҳамда Қозон шаҳридаги бош консулхонаси 2020 йилнинг 18 ва 19 май кунлари Россия—Қозоғистон чегараси орқали фуқароларнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналарнинг аввалдан шакллантирган рўйхати асносида икки давлат билан билан келишилган ҳолда амалга оширилганини эслатиб, қўшимча рўйхатлар тузилиши кўзда тутилмаганини маълум қилган.

Хабарга кўра, 280 нафарга яқин ўзбекистонликлар Россия—Қозоғистон чегараси олдида тўпланган. Қозон шаҳридаги бош консулхона маълумотига кўра, Самара вилояти маъмурияти ушбу фуқароларни саноат объектларида иш, ётоқ жой ва озиқ-овқат билан таъминлашга тайёрлигини билдирган, бироқ тўпланган фуқаролардан 25 нафари ушбу таклифни қабул қилган, қолганлар ҳамон Большая Черниговка тумани ҳудудида қолмоқда.

«Ишга жойлашишни истамаган ва чегара яқинида қолаётган ватандошларимизни ўзларининг вақтинча/доимий яшаш жойларига қайтишларини ҳамда чартер рейсларни кутишларини, Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия—Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмасликларини, яшаш жойларида қолишларини ва карантин чораларига қатъий амал қилишларини сўраймиз», — дейилган элчихона ва консулхонанинг ахборотида.

Ёрлиқ

Шарҳ