июн 01, 2020 17:08 Asia/Tashkent
  • Абдулла Арипов Қирғизистон ҳукумати раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 1 июнь куни соат 9:00 да Қирғизистон ҳукумати раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Кубатбек Бўронов билан учрашди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати. Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати ахборотига кўра, учрашув Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги «Чечме-Автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида бўлиб ўтган.

ТИВ ахборотига таяниб Дарё сайтининг қайд этилишича, учрашувда томонлар трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 2017 йил 6 октябрда имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилишга келишиб олган.

«Ҳукумат раҳбарлари яқин вақт ичида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди ҳудудларидаги ваколатли вакиллари Кенгашини ўтказишга ҳам келишиб олди», — дея қўшимча қилинган ТИВ ахборотида.

Қирғизистон ҳукумати ахборотига кўра, учрашувда «томонлар чегарада содир бўлган воқеадан афсусдалигини билдирган». Қўшимча қилинишича, учрашувда томонлар тергов-суриштирув тадбирларини биргаликда ўтказишга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга келишиб олган.

Ёрлиқ

Шарҳ