июн 10, 2020 17:49 Asia/Tashkent
  • Шайх Мансурга ер сотиш фармойиши ўчирилди

Абу Даби амирлиги валиаҳди Шайх Мансурга Қорақалпоғистон ҳудудидан 200 гектар ер ажратиш тўғрисидаги фармойиш расмий сайтдан олиб ташланди.

Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатлар лойиҳасини муҳокама қилувчи ҳукуматнинг расмий портали миллиардер Шайхс Мансурга ер ажратиш тўғрисида Бош вазир Абдулла Ариповнинг фармойишини ўчириб ташлади.

Фармойиш жойланган линкка босилганда бундай саҳифа мавжуд эмас, деган Ўзбекистонда машҳур бўлиб кетган 404 - рақамли хатони кўрсатмоқда.

Аммо фармойиш матни билан Google cache архивида танишиш мумкин, бу ҳақда чоп қилинган мақолалар ҳам ҳозирча веб сайтларда олиб ташлангани йўқ.

Фармойишда БАА Бош вазири ўринбосари, президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаёнга Қорақалпоғистонда 200 гектар майдонни дала лагери қуриш учун ажратилиши кўрсатилганди.

Ҳужжатда Шайх Мансур учун ер Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманининг Устюрт платоси «Елабад» овулидан ажратилиши айтилган.

10 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиладиган 200 гектар th учун Абу Даби амирлиги валиаҳди 1 988 865 200 сўм (195 889 доллар)ни беш куннинг ичида тўлаши кўрсатилган.

Миллиардер ҳар гектар ердан фойдаланиш учун бир йилда 97 доллардан пул бериши кўзда тутилган.

Солиштириш учун деҳқонлар сувли ерларни фермерлардан бир мавсумда ишлатиш учун ҳар бир гектарига 100-200 доллардан беради.

15 тадан ортиқ имловий хато билан ёзилган Фармойишда ер ажратилишининг зарурияти сифатида йўқолиб кетиш хавфи бўлган қушларни кўпайтириш ва уларни боқиш асос қилиб кўрсатилган.

Англиянинг Манчестер Сити клуби соҳиби ҳисобланмиш Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаёнга ер ажратилиши ижтимоий тармоқларда икки хил қарши олинди.

Ушбу қарорни маъқуллаганлар билан унга қарши чиққанлар бўлди. Норози бўлганлар Араб миллиардерига ер сув текинга берилаётганига эътироз билдирган.

«Ушбу қарор лойиҳасига халқ фикри ҳамда розилиги ўрганиладими. 200 гектар ер майдони текиндан текинга бериб юбориладими ёки келишувнинг тўлиқ шартлари мавжудми. Бир гектар ер майдонига бир миллион сўмдан ҳам кам ижара суммасига беришдан қандай манфаат ҳамда мақсад белгиланган?», деб ёзди фармойиш лойиҳаси остига Дилшод Жумамуратов.

Алтин Жагис исмли фойдаланувчи Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари конституциясидан иқтибос келтириб, ер ажратилишига қарши эканлигини билдирди.

Расмийлар фармойиш матни нима сабабдан расмий сайтдан олиб ташлангани ҳақида изоҳ беришмаган.

 

Ёрлиқ