июл 01, 2020 10:20 Asia/Tashkent
  • Абдулазиз Комилов Залмай Халилзод билан мулоқот қилди

30 июнь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер билан мулоқот қилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, томонлар яқин сиёсий муносабатлар ўрнатилганини, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ҳарбий-техникавий алоқалар мустаҳкамланганини қайд этган.

Ўзбекистон томони Афғонистонда тез орада тинчлик ўрнатилишига алоҳида аҳамият бериши, бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ушбу мамлакатдаги хавфсизликка боғлиқлиги таъкидланди.

Суҳбатдошлар Афғонистон сиёсий раҳбарлари ўртасидаги келишувга эришилганини қўллаб-қувватладилар ҳамда инклюзив ҳукумат тузилиши ва Миллий ярашув бўйича Олий Кенгаш Афғонистоннинг ёрқин келажаги учун мамлакатнинг барча сиёсий кучларини бирлаштиришга ёрдам бериши зарурлигини таъкидладилар.

Учрашувда икки мамлакатнинг Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда таъкидланганидек, 27 май куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон-АҚШ-Афғонистон» уч томонлама ҳамкорлик шаклидаги биринчи учрашув Афғонистонни тиклаш ва уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқишда ушбу механизмнинг муҳимлигини тасдиқлади.

Музокаралар чоғида Афғонистон ва минтақа ўртасидаги иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга кўмак берадиган қатор лойиҳаларни молиялаштириш учун DFC маблағларини жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Адам Болер Ўзбекистонда энергетика, инфратузилма, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга DFC тайёрлигини билдирди.

Ёрлиқ

Шарҳ