июл 13, 2020 14:23 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Самара ва Оренбургда тўпланиб турган фуқароларини олиб келади

Ўзбекистон ҳукумати Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетган минглаб меҳнат муҳожирларини ватанга қайтаради. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўмитаси Kun.uz’га хабар берди.

Россия ва Қозоғистон чегарасида Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтиш учун транзит йўлаги очилишини кутиб тўпланиши ҳолати кузатилмоқда. Россия томони маълумотига кўра, Самара области Большая Черниговка районида 1700 нафар, Оренбург областининг Бузулук районида эса 700 нафарга яқин ўзбекистонликлар тўпланган.

«Бу рақамлар ва маҳаллий ҳокимиятлар, чегара хизматлари бераётган маълумотларда фарқ мавжуд. Шу сабабли чегара ҳудудларида тўпланиб қолган ўзбекистонликларнинг рўйхатини шакллантириш ишлари бошланди. Ўз навбатида Россия томони билан Ўзбекистон фуқароларини «Ўзбекистон темир йўллари» поездларида олиб келиш масаласи муҳокама қилинмоқда», дейилади ДХХ маълумотида.

13 июль куни Россия бош вазири ўринбосари Т.Голиков бошчилигидаги коронавируснинг тарқалиши олдини олиш бўйича тузилган оператив штаб бу борада ижобий жавоб бериши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини график асосида олиб ўтиш бўйича Қозоғистон томони билан келишувга эришилган.

Бугун, 13 июль куни Самарага иккита рейс йўл олмоқда, бу поездлар 15 июль куни (соат 13:00 ва соат 18:00да) 700 нафардан йўловчи билан қайтади, 14 июль куни Оренбурга жўнаб кетадиган поезд эса 16 июль куни (соат 03:00да) яна 700 кишини олиб келади.

Поездлар Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирокида ҳаракатланади. Оренбургдаги фуқаролар учун чипта нархи 8,5 минг рубль (120 доллар), Самарадагилар учун 10,1 минг рубль (145 доллар) бўлади. Нархлар ўзгармайди. Олиб келинган фуқароларнинг 1200 нафари Наманганда 900 нафари Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонга қайтиш учун Россиядаги ватандошлардан 87816та сўров (сўнгги бир кунда 290та) бўлган. Улардан 5664 нафари молиявий қийин ҳолатда. Кўпчилик Россиядан амалга оширилаётган чартер рейсларнинг нархи қимматлигидан норози бўлган ва машинада ватанга қайтишга қарор қилган. Шу боис темир йўл рейслари ташкил этилди.

Ёрлиқ

Шарҳ