июл 15, 2020 09:17 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев: коронавирусга қарши кураш учун бизда захира ва имкониятлар мавжуд

Президент ҳаёт давом этаётгани туфайли энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганиш шартлигини таъкидлади.

Спутникка кўра, Президент Шавкат Мирзиёев бугун ўтказилаётган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга алоҳида тўхталди ва Ўзбекистонда бу касалликка қарши кураш учун барча захира ва имкониятлар мавжудлигини айтди.

"Хабарингиз бор, мамлакатимизда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бораётгани муносабати билан биз карантин талабларини яна кучайтиришга мажбур бўлдик. Нега деганда, очиқ айтиш керак, ҳозирги кунда бутун дунё коронавирус деб ном олган мана шу тилсиз ёв, кўзга кўринмас душманга қарши уруш ҳолатида турибди. Урушга кирган ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ ўз юртини, ўз аҳолисини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўради. Энг аввало, хавф-хатарнинг йўлини беркитади, темир интизом ўрнатади. Қатъий сафарбарлик шароитида яшаш ва ишлашга ўтади. Бугун биз ҳам айни шундай ҳолатдамиз", - деди президент.

Мирзиёевга кўра, Республика махсус комиссияси томонидан вазият мунтазам таҳлил қилиниб, инфекцияни жиловлаш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фидойи ва жасур шифокорлар ўз бурчини садоқат ва матонат билан бажараётгани таъкидлаб ўтилди.

"Такрор айтаман, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт биздан ақл-идрок, сабр-тоқат, метин интизом билан ҳаракат қилишни талаб этмоқда. Ўзимиз кўряпмиз, дунёда қайси давлатда тиббий маданият, тартиб-интизом кучли бўлса, ўша мамлакат пандемиядан энг кам талофат билан чиқмоқда. Биз ҳам шу йўлдан боришимиз шарт. Албатта, ўтган 4 ой давомида одамларимиз кўп нарсага ўрганди. Бизда ҳам маълум бир тажриба пайдо бўлди", - деди давлат раҳбари.

Таҳлиллар коронавирус билан зарарланишнинг олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш, симптомсиз ва енгил кечаётган беморлар билан олиб борилаётган даволаш ва назорат тадбирларини амалга оширишда янги стратегияларни қўллашни талаб қилмоқда.

Республика махсус комиссияси бу борада тезлик билан барча зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди.

Шу мақсадда, [Бош вазир ўринбосари Беҳзод] Мусаев, [Соғлиқни сақлаш вазири Алишер] Шодмонов бир кун муддатда амалдаги тест-таҳлил топшириш жараёнини қайта кўриб чиқиб, аҳоли учун қулай тизимни ишлаб чиқиш мажбурияти юклатилди.

Вилоят, шаҳар ва туманларда маҳаллий кенгашлар, жойлардаги ҳокимлик ва бошқарув идоралари ўз ҳудудидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиб, Республика комиссияси билан келишилган ҳолда карантин қоидаларини қаерда зарур бўлса кучайтириши, қаерда зарур бўлса юмшатиши лозимлиги таъкидланди.

 

Ёрлиқ

Шарҳ