июл 16, 2020 09:25 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев ССВ раҳбари ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан эълон қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги пандемия билан боғлиқ вазият юзасидан видеоселектор ўтказиб, жорий ҳолат учун раҳбарларни танқид қилди.

Давлат раҳбари ўз нутқида оғир шароитдан чиқиб кетган вилоятларни алоҳида санаб ўтди.

«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жиловни бўш қўйганимиз учун вазиятимиз мутлақо ҳозирги талабга жавоб бермай, одамларнинг норозилигини келтиргани ҳам ҳақиқат.

Бугун алоҳида мажлис чақирганим бежиз эмас. Бу ерда ўтирган раҳбарлар, сизлар ўзи ҳозирги сиёсатни тушунасизларми-йўқми? Дунёда қандай иқтисодиёт бўляпти, вабо билан қандай курашиляпти, нимани таҳлил қиляпсизлар, деган савол мени қийнайди.

Мана, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд вилоятларида қандай оғир шароитдан ўша ердаги биринчи раҳбарлар фидойилиги учун, қаттиққўллиги учун чиқиб кетяпмиз. Андижонда ҳам аҳвол жуда ёмон эди. Самарқандда қандай вазиятга келдик биз?

Тошкентда нима бўлди? Тошкент вилояти нима бўлди? Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудидаги ҳақиқий аҳволни умуман ўрганмаган ва пастга тушмаган. Сизлар ҳозирги сиёсатимизга, халқимизга хиёнат қиляпсизлар. Қандай аччиқ бўлсаям, баҳо мана шундай.

Уруш пайтидаги вазият ҳозир! Урушда фақат халқнинг тинчлиги, халқнинг осойишталиги, халқнинг соғлигини ўйлашимиз керак. Энг асосийси, биринчи раҳбарлар тушунишни хоҳламаяпти. Улар ўзларининг ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларига бирон марта кирмасдан, улар билан учрашмасдан, реал вазиятни ўрганмаган ва кўрмаган, десак адолатдан бўлади.

Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалликни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни умуман ҳис қилмагансизлар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.

Шифокорлар томонидан беморларга нисбатан бефарқлик ва совуққонлик ҳолатларига ҳам йўл қўйилмоқда», – деди президент.

Шавкат Мирзиёев республика бўйича жами касалларнинг 40 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келаётганини таъкидлади.

«Агар туманнинг ҳокими, шаҳарнинг ҳокими, агар бу ерда садоқатли одамлар ўтирганида, сиёсатга хайрихоҳ одамлар ўтирганида, Тошкентда шундай шармандалик мумкинмиди? Тошкентда иложи бор-ку ҳамма нарсанинг?» — деди давлат раҳбари.

Мирзиёев бугундан бошлаб пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикасини бутунлай ўзгартириш зарурлигини айтди.

«Бу ишга республика ихтисослашган тиббиёт марказлари, бошқа даволаш масканлари, тиббиёт олий таълим муассасаларининг малакали кадрларини ҳам жалб этиш чоралари кўрилсин. Ҳаммани жалб қиласизлар», – деди президент.

Йиғилишда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр туришни таъминламагани, бу касаллик билан пастга тушиб мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан берилди.

Ёрлиқ

Шарҳ