август 10, 2020 15:11 Asia/Tashkent
  •     Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 3 -10 август кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  • 4 август куни Тошкентдан Истанбулга қўшимча чартер рейс амалга оширилади

  •  Ўзбекистондаги хорижий фуқароларининг виза муддати ноябрга қадар узайтирилди
  • Киевда банк бўлимини портлатмоқчи бўлган ўзбекистонлик қўлга олинди
  •  Шавкат Мирзиёев Байрутдаги портлаш сабаб Ливан президентига ҳамдардлик билдирди
  •  Киевдаги банк бўлинмасига кириб, рюкзагида бомба борлигини маълум қилган ўзбекистонлик икки ойга қамалди
  •  Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бўлиб ўтади
  •  Ўзбекистон фуқаролари Самара ва Оренбургдан поездларда қайтарила бошлади
  •  Шавкат Мирзиёев : эҳтиёжманд аҳолига ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистон давлатининг устувор вазифасидир
  •  Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергия етказиб бериш бўйича 10 йиллик шартнома ижро этилмоқда

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз: 

4 август куни “Uzbekistan Airways” АЖ Тошкент-Истанбул-Тошкент йўналишида репатриацион чартер рейсни амалга оширади

Парвоз жадвали: Тошкент–Истанбул парвоз соат 09:40 да, қўниш соат 13:00 (маҳаллий вақт билан);

Истанбул-Тошкент павроз соат 14:30да, қўниш соат 21:00 да (маҳаллий вақт билан).

Чипталарни авиакомпания филиалининг марказий сотув офисидан (“Uzbekistan Airways Sales”) 3 август соат 9:30дан бошлаб тўғридан тўғри навбатда туриш орқали харид қилиш мумкин.

Йўловчиларнинг шахсан ўзлари ҳужжатларининг асл нусхаси билан келишлари талаб этилади: Ўзбекистон фуқаролари учун паспорт ва учиш учун асос; хориж фуқаролари учун паспорт.

Компания тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида авиачипталар қўлга киритиш бўйича ўз хизматларини таклиф қилувчи шубҳали шахсларга мурожаат қилмасликни сўраган.

ххххх

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган хорижий мамлакатлар фуқароларининг виза муддати автоматик равишда шу йилнинг 1 ноябрь кунига қадар узайтирилди.

Кун.уз сайтига кўра, Туризм қўмитаси хабарига кўра, бунда уларга нисбатан ҳеч қандай чоралар кўрилмайди, жарима ундирилмайди. Коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 июлидаги қарорида шу ҳақида баён қилинди. 

Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги авиа ва автомобиль қатновлари шу йилнинг 16 мартидан бошлаб 10 апрелига қадар вақтинчалик тўхтатилган. Кейинчалик ушбу муддат 5 май, 1 июнь, сўнг 1 августга қадар узайтирилган эди. 

Юқоридаги масала бўйича қўшимча саволлар туғилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тезкор штаби (+998712332828, +998 971365151, call center – 1164, telegram: +998971365151)га ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ишонч телефони (+998712000088)га мурожаат қилиш мумкин.

ххххх

Украина пойтахти Киев шаҳрида банк бўлимини эгаллаб олиб, уни портлатиш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси ушланди.

Дарё сайтининг хабар қилишича, Украина ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Антон Герашенконинг маълум қилишича, террорчилик ҳаракати билан таҳдид солаётган ўзбекистонлик эркак 1988 йил 25 март куни туғилган Ўзбекистон фуқароси Каримов Суҳроб Раҳмонович ҳисобланади. Унинг ижтимоий тармоқлардаги профилларига кўра, бу эркакда психик муаммолар мавжуд.

«Ҳозирча унинг мақсади қанчалик жиддий эканлигини, унда ҳақиқатан ҳам портловчи ускуна бор ёки йўқлигини билмаймиз. Шунинг учун ҳозир музокаралар стратегияси танланди», — дея хабар берган вазир ўринбосари.

Эркак 3 август куни тахминан соат 12:00 да банк бўлимига кирган ва унинг сумкасида бомба борлигини айтган. У банкнинг барча ишчиларини қўйиб юборган, бўлим бўшлиғи ўз хоҳиши билан у ерда қолган.

Полиция ҳудудни ўраб олган ва эркак билан музокаралар олиб борилган. У телевидение орқали чиқиш қилишни талаб қилган.

Шундан сўнг, банк биносига ZIК, «Наш» ва «112» телеканаллари мухбирлари кирган. Эркак улардан ўзининг эфирда эканлигини текшириш учун телефон сўраган.

Журналистлар билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан кейин эркак банк биносидан чиққан ва Украина хавфсизлик хизматининг махсус бўлинмаси томонидан қўлга олинган.

ххххх

Шавкат Мирзиёев Ливан пойтахти Байрут бандаргоҳида юз берган кучли портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан мамлакат президенти Мишель Аунга ҳамдардлик билдирди.

Дарё сайтигакўра, «Давлатимиз раҳбари Ливан халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирди», 

Ливан пойтахти Байрут шаҳрининг портида 4 август куни иккита кучли портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлган, 4 мингдан ортиқ одам жароҳат олган. Шаҳардаги биноларга ҳам катта зарар етган. Маълумотларга кўра, портлаш омбордаги мусодара қилинган портловчи модда сабаб юзага келган.

ххххх

Украина пойтахтидаги "Универсал-банк" бўлинмаларидан бирини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси Сухроб Каримов теракт бўйича иш юзасидан икки ойга ҳибсга олинди. Уни гаров эвазига қўйиб юбориш чекланган.

"Киев шаҳри Печерск туман суди пойтахт прокуратураси илтимосномасини қондирди ва 2020 йил 3 августда Киев марказидаги банк биносида портлаш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқаросига ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади. Уни гаров эвазига қўйиб юбориш чекланган. Тегишли қарор 2020 йилнинг 5 августи, чоршанба куни бўлиб ўтган мажлисда қабул қилинган", - дейилади расмий баёнотда.

Спутник сайтига кўра, Каримовга Украина Жиноят кодексининг 258-моддаси 1-қисми ("Террористик ҳужумни амалга ошириш ёки уни амалга ошириш билан қўрқитиш") бўйича айблов қўйилмоқда. Ушбу моддада гумонланувчилар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 3 август куни, Каримов, Киевдаги "Леонардо" бизнес-марказидаги банк бўлинмасига кирган ва рюкзагида бомба борлигини маълум қилган.

У банк бўлинмаси раҳбаридан ташқари барча ходимларни қўйиб юборган. Раҳбар аёлни гаров олган.

Сухроб Каримов 40 минг гривен (1,44 минг доллар) ва журналистлар билан мулоқотни талаб қилган.

Амалга оширилган махсус операция натижасида Каримов қўлга олинган, уни тўғридан-тўғри эфирда қўлини қайириб, банк биносидан олиб чиқиб кетишган.

Каримовни қўлга олишда Украина телеканалларининг икки нафар журналисти кўнгилли равишда иштирок этган.

Текширувлардан сўнг Каримов ёлғон гапиргани фош бўлган: унинг рюкзагида бомба ҳам, бошқа портловчи қурилмалар ҳам бўлмаган.

Сал кейин ўзбекистонлик бу йигит психоневрологик ҳисобда туриши аниқланган.

ххххх

2020 йил 12—13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади. ЎзАнинг хабар беришича, видеоконференция шаклида бўлиб ўтадиган ушбу форум ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланади.

Форум ташкилотчиси Ўзбекистон ҳукумати ҳисобланиб, анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази зиммасига юкланган.

Ушбу форум инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган иккинчи халқаро анжуман. «Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми» деб номланган биринчи халқаро анжуман 2018 йил 22—23 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган. Унинг иштирокчилари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинган.

Осиё форуми якунида мазкур халқаро анжуманнинг муҳимлиги ва зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, уни ҳар икки йилда бир марта мунтазам равишда ўтказиб туриш ҳақида келишиб олинган.

Қайд этилишича, бу галги Самарқанд форумининг асосий мақсади ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга тааллуқли мавжуд халқаро ҳамда минтақавий механизмларни таҳлил қилишдан иборат. Мунозаралар жараёнида ушбу механизмларни такомиллаштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

Кун тартибидан, шунингдек, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича бутунжаҳон дастурини амалга оширишда ёшларнинг роли масаласи ўрин олган.

Самарқанд форумида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта жаҳоннинг етакчи экспертлари муҳокамаси учун тақдим қилинади. Ушбу конвенция лойиҳасиШавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган.

Конвенция том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ўзига хос ҳуқуқлари акс эттирилган. Бундай мазмундаги халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши жаҳондаги барча давлатлар томонидан ёшлар масалаларига бўлган эътиборни тубдан кучайтиради. Ёшларнинг алоҳида ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилиши, ўз навбатида, навқирон авлод вакилларига манзилли кўмак кўрсатишда муҳим омил бўлади.

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция лойиҳаси муҳокама учун форумнинг расмий сайтида жойлаштирилган.

Самарқанд форумида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, жами 300 дан ортиқ киши иштирок этиш истагини билдирган.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, ёшлар ташкилотлари вакилларининг фаол иштирок этиши кутилмоқда.

ххххх

Коронавирус тарқалиши сабаб иқтисодий фаоллик чеклангани одамларнинг рўзғорига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бундай шароитда вақтинча ишсиз қолган, даромад манбасини йўқотган ва оғир аҳволда кун кечираётган аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам қўлини чўзиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Дарё сайтига кўра,  Шавкат Мирзиёевнинг 30 июль куни қабул қилинган ‘Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида’ги фармони шу борада жуда муҳим қадам бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 миллион 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 миллион 700 минг нафар пенсионер ва жорий йил якунига қадар қўшимча 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланган.

Хусусан, ўтган 5 кунда эҳтиёжманд оилаларга жами 148 миллиард сўм моддий ёрдам тарқатилди. Август ойида 1 миллион 700 минг аҳоли ва 50 мингдан зиёд тиббиёт ходимларига 780 миллиард сўм тўланиши кўзда тутилган.

Йиғилишда аҳолига ижтимоий ёрдам тўловларини етказиб бериш бўйича сектор раҳбарлари ва маҳалла мутасаддиларининг масъулиятига эътибор қаратилди.

Давлат нозирлик органларига маблағларнинг тўғри тақсимланиши ва тўланиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш, қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш топширилди.

Энг муҳими, келгуси йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб қилинмайди. Эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилади.

Йиғилишда ёрдам пулларига муҳтож оилалар рўйхати маҳаллалар кесимида адолатли тузилиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида тасдиқланиши лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, 50 минг нафар тез тиббий ёрдам ходими учун ажратилган 200 миллиард сўм мукофот пулларини ҳам ортиқча қоғозбозликсиз, ўз вақтида тарқатиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ёрлиқ

Шарҳ