сентябр 08, 2020 14:14 Asia/Tashkent
  • Истанбулдаги тунги клубда 39 кишини отиб ташлаган ўзбекистонлик 1368 йилга озодликдан маҳрум этди

Туркия суди 2017 йил Истанбулда теракт уюштирган Ўзбекистонда туғилган Абдулқодир Машариповга умрбод қамоқ жазоси белгилади

Терактни содир этгандан кейин Машарипов кийимларини алмаштирган ва клубдан қочаётган оломонга қўшилиб қочиб кетган. Терактдан 2 ҳафта ўтиб у қўлга олинган эди.

Суд жараёнида Абдулқодир Машарипов ўз айбини тан олмади. Унинг сўзларига кўра, у қийноқлар ва босим остида кўрсатма берган. Бундан ташқари, у бармоқ изларини текшириш бўйича даъвоси қондирилмаганлигини айтган.

Туркия суди томонидан Машарипов мамлакат конституциясини бузишда ва 39 нафар одамни қасддан ўлдиришда айбдор деб топилди ва 40 та умрбод қамоқ жазо белгиланди.

Бундан ташқари, суд Машариповни 79 кишини ўлдиришга қасд қилиш ва лицензиясиз қурол олиб юришда айбдор деб топди ва 1368 йилга озодликдан маҳрум этди, 375 минг лира жаримага тортди.

Унда муддатдан аввал озодликка чиқиш ҳуқуқи бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 январга ўтар кечаси «Калашников» автомати билан қуролланган террорчи Истанбулдаги Реина тунги клубига бостириб кириб, одамларга қарата ўт очганди. Бинода 700 дан ортиқ киши бўлган. Туркия полицияси хабарига кўра, терактда 39 киши қурбон бўлганди, 69 киши жароҳатланган. Содир бўлган теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Ёрлиқ

Шарҳ