сентябр 11, 2020 13:18 Asia/Tashkent
  • Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавров ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига муносиб шароитларни яратиш масаласини кўриб чиқди

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2020 йилнинг 10 сентябрь кунидаги мажлисида иштирок этиш учун Москва шаҳрига келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.

Қайд этилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон–Россия кун тартибининг асосий масалалари ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар изчил мустаҳкамланаётган ва ҳамкорликнинг янги шаклларига эга бўлаётган кўп қиррали икки томонлама муносабатларни юқори суръатларда ривожланаётганидан мамнун эканликларини маълум қилди.

Турли даража ва шаклларда, жумладан, Ўзбекистоннинг МДҲдаги раислиги доирасида бўлиб ўтадиган икки томонлама ва кўп томонлама тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлди.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини фаоллаштириш бўйича амалий таклифлар кўриб чиқилди. Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки мамлакат ҳукуматлари томонидан пандемия шароитида ушбу йўналишдаги фаолликнинг пасайишига йўл қўймаслик бўйича кўрилаётган чораларни ижобий баҳоланди.

Маданий-гуманитар соҳада, илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари учун муносиб шароитларни яратиш масаласига алоҳида тўхтаб ўтилди.

Вазирлар олий ва юқори даражадаги алоқалар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнларини ҳам муҳокама қилди, дейилади вазирлик хабарида.

Ёрлиқ

Шарҳ