сентябр 24, 2020 10:48 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев БМТнинг навбатдаги сессиясида: қашшоқликни тугатиш зарур

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида чиқиш қилди.

Мирзиёев ўз чиқишида коронавирус пандемиясига алоҳида тўхталиб ўтди ва бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаганини таъкидлади.

У Барча ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда  ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англаганини қайд этди.

Гендер тенглик, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлик

Мирзиёев бугунги кунда мамлакатдаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олганини баён қилди ва ўтган йили Парламентга ўтказилган сайловлар аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошганини намойиш этганини таъкидлади.

 

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, мамлакат учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий  ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди.

“Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир”, - деди у.

 

Коррупцияга қарши курашиш, ёшлар келажаги

Мирзиёев мамлакатда коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилганини таъкидлади ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганини маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикада ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда.

 

Марказий Осиё, транспорт йўлаги, форум

Мирзиёев ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бераётганини қайд этди. Минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришилди.

Унинг фикрига кўра, бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турибди. У ҳам бўлса, минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир

 

Афғонистон масаласи

Мирзиёев мамлакат Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилишини таъкидлади ва жорий йилнинг сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокаралари жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишига умид билдирди

 

Орол фожиаси

Мирзиёев глобал иқлим ўзгаришлари Марказий Осиё тараққиётига ҳам  катта хавф туғдираётганини таъкидлади ва дунё ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди

Давлат раҳбари ўз чиқишида жаҳоннинг турли нуқталарида нотинчлик сақланиб қолаётгани, зиддият ва зўравонликлар ортиб бораётгани, экологик офатлар ва бошқа замонавий хатарлар қашшоқлик ва камбағалликнинг глобал муаммоларини кучайтираётганига эътибор қаратди.

Бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда. Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчани безовта қилиши зарур.

Мирзиёев қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммит ўтказишни таклиф этди.

 

 

 

 

 

 

Ёрлиқ