октябр 28, 2020 11:07 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франциянинг ислом пайғамбарига нисбатан ҳурматсизликига аксиламал кўрсатди
    Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франциянинг ислом пайғамбарига нисбатан ҳурматсизликига аксиламал кўрсатди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франция мамлакатида ислом азизи пайғамбари Ҳазрат Муҳаммад /с.а.в/га нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилиши ортидан ижтимоий тармоқларда бошланган баҳс-мунозаралар ва ихтилофли ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Бутун дунёда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи бошланди. Жоме масжидларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари тараннум этилмоқда, қориларнинг Қуръон тиловатлари-ю нашидалари янграмоқда ва мавлиди шарифлар ўқилмоқда. Бундай файзиёб кунлар мусулмон умматига катта қувонч бағишламоқда...

Айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралаши ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди», дейилади идоранинг «Ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутайлик!» дея номланган муносабатда.

Кун сайтига кўра, , бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳоланган.

«Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъи назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди.

Кези келганда айтиб ўтамизки, ушбу ҳолатга нисбатан юртдошларимиз турли муносабат билдираётганларини кузатяпмиз. Бу ҳолатдан уларнинг имон-эътиқодлари жўш ургани, ўй-кечинмалари тинчлик бермаётгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туғён қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Энди бир фараз қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатга Набий алайҳиссалом қандай йўл тутар эдилар?.. Албатта, сийрат ва тафсир китобларида бундай ҳолатларнинг батафсил баёни келган, аксариятимиз уларни мутолаа қилганмиз.

Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом бутун умматга ибратдирлар. Бир жоҳил киши «Менга ўлжа бермадинг», деб ёқаларидан олиб бўғганида ҳам, бир аёл заҳарли гўшт берганида ҳам у зот уларни сўкмаганлар ёки дуоибад қилмаганлар, балки Аллоҳдан уларга инсоф ва ҳидоят сўраганлар. Ислом дини ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкишдан қайтарган, сўкиш ўрнига унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлборишга буюрган. Чунки уни сўкиш ожизликдан, Аллоҳдан паноҳ сўраш эса имон мустаҳкамлигидандир. Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғиликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқақолсанг-чи...». Ҳақиқатан, қоронғиликни қанча сўкмайлик, у барибир ўзгармайди, ёришиб қолмайди. Сўкиш ўрнига уни ёритиш йўлини ахтарганимиз маъқул ва авлодир.

Ёрлиқ

Шарҳ