декабр 04, 2020 14:38 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимида иштирок этади

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев 4 декабрь, жума куни пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилган Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимида иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

«Ушбу улкан мажмуа Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки мамлакатимизда қора металлургия саноати ривожланмаган. Янги корхонада йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинарди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу заводда импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқарилиб, мамлакат иқтисодиётида маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади. Шунингдек, йилига 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Мажмуада 700 га яқин киши иш билан таъминланади. Лекин турдош тармоқлар билан бирга 5 мингта янги иш ўрни яратилади.

Мазкур заводни барпо этиш 2017 йил февралда бошланган бўлиб, қурилиш ишларига 420 миллион доллар сарфланган.

Президентнинг мажмуа очилиш маросимида иштирок этиши, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Россиянинг «Метпром» муҳандислик-қурилиш гуруҳи президенти Андрей Дейнеко Тошкент металлургия заводи 4 декабрь куни очилишини маълум қилганди. Заводнинг қурилиш лойиҳаси «Метпром» томонидан яратилган — гуруҳ ҳам лойиҳачи, ҳам лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида иштирок этган

Ёрлиқ