декабр 04, 2020 14:45 Asia/Tashkent
  • Россия томонидан яратилган «Спутник V» вакцинаси намуналари Ўзбекистонга олиб келинди

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, Россия томонидан яратилган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонга етказилди. Унинг намуналарини Тошкентга Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров олиб келган.

«Ўзбекистон томонига рўйхатдан ўтказиш ва мамлакат ҳудудида вакциналар ишлаб чиқариш саноатини ишга тушириш учун зарур бўлган синовларни ўтказиш мақсадида намуналар топширилди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги сентябрь ойида Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) Ўзбекистоннинг LAXISAM фармацевтика компанияси билан мамлакатга 35 миллион доза «Спутник V» вакцинасини етказиб бериш бўйича келишувга эришганини маълум қилганди. Кейинроқ LAXISAM етказиб бериш бўйича республиканинг назорат қилувчи органлари билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилаётганини билдирган.

Ноябрь охирида эса соғлиқни сақлаш вазири 2020 йил охири ёки 2021 йил бошларида Ўзбекистон «Спутник V» вакцинасининг клиник синовларига киришишни мўлжаллаётганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Россияда 11 август куни коронавирусга қарши вакцина рўйхатга олинганини Владимир Путин эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, вакцина «барқарор иммунитетни шакллантиради ва у барча керакли синовлардан ўтган». Вакцина камида 10 АҚШ долларидан сотилиши мумкин.

Лекин Россиянинг «Фонтанка» нашри юқоридаги вакцина Путин айтганичалик умидли эмаслигини хабар қилди. Нашрнинг ёзишича, тадқиқот давомида вакцина синаб кўрилган 38 нафар кўнгиллида 144 та ножўя таъсир кузатилган. ЖССТ эса Россиянинг коронавирусга қарши вакцина синовлари тўғрисидаги маълумотларни текширмоқчилигини билдирган.

Ёрлиқ