декабр 21, 2020 11:07 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайди
    Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайди

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг 11 ойи ичида 32,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайганини мамлакат Давлат Статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 14,1 миллиард долларга (10,5 фоизга камайган) ва импорт ҳажми 18,7 миллиард долларга (14,7 фоизга камайган) етган. Ҳисобот даврида 4,57 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган деб хабар қилган Дарё сайти.

Бу вақт давомида ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (17,4 фоиз), Россия (15,4 фоиз), Қозоғистон (7,9 фоиз), Жанубий Корея (5,8 фоиз), Туркия (5,7 фоиз), Қирғизистон (2,5 фоиз) ва Германия (2,2 фоиз) билан қайд этилган.

Экспорт таркибида етакчи ўринни олтин эгаллади — 40,9 фоиз. Ундан кейинги ўринларни саноат маҳсулотлари (18,3 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,6 фоиз), кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (5,2 фоиз) эгаллади.

Кўрсатилган даврда МДҲ мамлакатларига турли хил тайёр маҳсулотлар, машиналар ва транспорт ускуналари, саноат товарлари, шунингдек, ичимликлар ва тамаки экспорти бўйича энг тез ўсиш кузатилди. Пасайиш биринчи навбатда минерал ёқилғи, кимёвий моддалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвонот ва ўсимлик мойлари экспортида қайд этилди.

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (37,6 фоиз), саноат товарлари (17,2 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шу каби маҳсулотлар (13,8 фоиз) ҳисобига тўғри келди.

Ёрлиқ