декабр 30, 2020 14:38 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Россия, Тожикистон ва Қозоғистон, Туркманистон раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашди
    Шавкат Мирзиёев Россия, Тожикистон ва Қозоғистон, Туркманистон раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашди

Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия, Тожикистон Республикаси, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мирзиёев ва Путин дилдан қутлаб, кириб келаётган янги 2021 йил муносабати билан самимий табриклар алмашдилар, дўст халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этдилар.

Коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ мураккаб шароитда икки давлатнинг пандемияга қарши курашиш, жаҳон иқтисодий ва эпидемиологик инқирози оқибатларини енгиб ўтишда бир-бирига ҳар томонлама ёрдамлашгани ва амалий кўмак кўрсатгани катта мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича кооперация  имкониятлари фаол ўрганилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил билан бир-бирларини самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон биродар халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Мирзиёев ва Раҳмон икки томонлама алоқалар ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг биринчи галдаги вазифалари белгиланди.

Барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Мирзиёев ва Тоқаев ҳам кириб келаётган янги йил билан бир -бирини табриклаб, ўтаётган йилнинг барча хатар ва қийинчиликларига қарамай, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг изчил ривожланиши таъминланганлиги алоҳида таъкидлашди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликни, шу жумладан, савдо портфелини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳалари, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва энергетика соҳаларида алоқаларни чуқурлаштириш лозимлигини қайд этдилар. Ҳудудлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш, маданий-гуманитар алмашинувнинг кенг дастурини амалга оширишга катта эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон давлат раҳбарлари  ҳам бир-бирларини дилдан қутлар эканлар, кириб келаётган Янги йил муносабати билан самимий табриклар алмашиб, мамлакатларнинг биродар халқларига тинчлик, фаровонлик, бахт-саодат, муваффақият ва равнақ тиладилар.

Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал инқироз оқибатларига қарамай, якунига етаётган йилда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарига, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига, ўхшаш тарих, маданий ва маънавий қадриятлар муштараклигига асосланган стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда катта натижаларга эришилгани таъкидланди.

 

 

 

Ёрлиқ