Январ 21, 2021 10:59 Asia/Tashkent
  • «Янги Ангрен» ИЭСда юз берган портлаш 3 кишининг умрига зомин бўлди
    «Янги Ангрен» ИЭСда юз берган портлаш 3 кишининг умрига зомин бўлди

Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг портлаши содир бўлганини мамлакат ФФВ матбуот хизмати хабар қилган.

Режали хизмат кўрсатиш пайтида содир бўлган ҳодиса оқибатида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳати олган деб хабар қилди Дарё сайти.

Вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг куч ва воситалари воқеа жойида вазият оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда. Портлашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошланган.

Ҳодиса натижасида Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг инфратузилмаси ва технологик ускуналарига шикаст етмаган. Вазирлик қўшимча маълумот келиб тушиши билан расмий ресурслар орқали эълон қилинишини билдирди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Дарё»га маълум қилишича, вафот этганлар ҳамда жароҳат олганларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 19 январь куни Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг 5-сон энергоблоги қозон агрегатидаги нуқсон туфайли таъмирга чиқарилган. Электр станция 560 МВт қувват билан ишлаган. 4 та энергоблок ишда, битта энергоблок захирада бўлган.

Ёрлиқ