апрел 09, 2021 09:15 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Туркия имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини тезлаштиради

Жорий йилнинг 8 апрел куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Туркия савдо вазири Рухсор Пекжон билан учрашди.

Учрашувда икки томонлама савдо муносабатларини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 5 млрд долларга етказиш мақсадида савдо айланмасини ошириш бўйича навбатдаги қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари экспертларининг ўзаро ҳамкорлигини жадаллаштириш ва мавжуд масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқиш орқали Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини келишишни тезлаштиришга оид биринчи даражали вазифалар белгилаб олинди. Томонлар фикрича, битим имзоланиши икки давлат ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг мустаҳкамланишига сезиларли туртки беради.

Томонлар, шунингдек, электрон тижорат соҳасида амалий шерикликни йўлга қўйиш долзарблигини таъкидлади ва бу борада икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида ҳозирги вақтда келишиш босқичида бўлган тегишли ҳужжатни яқин келажакда имзолашни белгилаб олди.

Бундан ташқари, икки мамлакат стандартлаштириш хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш орқали техник тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ва метрология соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Бунда ўзаро маҳсулот етказиб беришни амалга оширишда ўзбек ва турк ишлаб чиқарувчиларига тўсқинлик қилувчи ғовларни бартараф этиш умумий мақсад қилиб қўйилди.

Мулоқот чоғида Туркия томони Ўзбекистон томонидан халқаро иқтисодий маконга интеграциялашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади ҳамда музокаралар жараёнига жалб этилган ўзбек мутахассислари учун тренинглар ва маслаҳатлашувлар ташкил этиш орқали Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув ва музокаралар якунида “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази ва Туркиянинг Аккредитация агентлиги ўртасида “Ҳалол” стандартини жорий этиш борасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ёрлиқ