май 08, 2021 14:48 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефонда гаплашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг расмий сайтида хабар берилди.

«Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, эзгу тилакларини изҳор қилдилар. Елкама-елка туриб бирга қаҳрамонона жанг олиб борган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган халқларимизнинг буюк жасорати миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Барча даражада фаол мулоқотлар давом эттирилмоқда, Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жорий йил апрел ойида Тошкент шаҳрида илк бор Россиядан ташқарида кенг миқёсда ташкил этилган Халқаро «Иннопром» кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди.

Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича биргаликда қўшимча чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Парламентлараро алмушинувлар кенгаймоқда, таълим ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.

Мулоқотда Президентлар халқаро кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан МДҲ, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди. Олий даражада ўтказилиши режалаштирилган учрашувларнинг кун тартибини тайёрлашни фаол давом эттиришга келишиб олинди.

Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек самимий, дўстона ва ишчан руҳда ўтди», дейилган хабарда.

Кремль расмий сайтида ёзилишича,президентлар Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида содир бўлган воқеларни муҳокама қилган. Томонлар Душенбе ва Бишкек ўртасидаги келишувни олқишлаган. Ҳар икки президент вазият яхшиланиши учун ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, Россия президенти расмий сайти президентлар коронавирусга қарши курашдаги ҳамкорлик доирасида Россияда яратилган вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ҳам муҳокама қилган.

Ёрлиқ