октябр 14, 2021 11:16 Asia/Tashkent
  • 14 октябрдан Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошланди
    14 октябрдан Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошланди

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматига кўра, 14 октябрдан сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар учун муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бошланди.

Ўзбекистон президенти сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Демак, 2021 йил 14—20 октябрь кунлари Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилади деб  хабар қилган Дарё.

Муддатидан олдин овоз бериш учун сайловчи сабабини кўрсатган ҳолда тегишли сайлов участкасига ариза билан мурожаат қилади. Тўлдирилган сайлов бюллетени ёпиқ конвертда, тегишли УСКнинг сейфида сақланади.

Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш тартиби

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар давом этади.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 19:00га қадар амалга оширилади.

Ёрлиқ