декабр 01, 2019 16:56 Asia/Tashkent
  • Трампнинг Афғонистонга яширинча сафари

2001 йил Америка 11 сентябр ҳодисаси баҳонаси билан Афғонистонга ҳужум қилиб, бу мамлакатни ишғол қилди. Доналд Трамп сайловолди чиқишларида ва ҳатто Оқ Уйга кириб борганидан кейин ҳам Америкалик ҳарбийларни Афғонистондан чиқаришга ваъда берган эди. Бу ваъда бажарилмади, Американинг кӯп сонли ҳарбийлари эса Афғонистонда ӯз фаолиятларини давом эттиришмоқда.

Доналд Трамп 28 ноябр куни олдиндан эълон қилмай, Афғонистонга кириб борди. Оқ Уйнинг иддаосича бу сафар Шукрона куни муносабати билан Америкалик ҳарбийлардан хабар олиш мақсадида уюштирилган эди. Сафар жараёнида Трамп Американинг Афғонистондаги энг катта ҳарбий базаси “Багром” да бӯлди.

Америка президенти ҳарбийлар билан учрашувда қисқа нутқ сӯзлаб, унда Толибон билан музокараларни қайта бошламоқчи эканлигини, зеро, бу гуруҳнинг Америка билан келишув имзо қилишга мойил эканлигига ишонч ҳосил қилганини баён этди.

Трамп илова қилди: “Толиблар келишув имзоламоқчи, кӯрамиз бу келишув ҳақиқий бӯладими-йӯқми. Толибон аввалги сафардан фарқли равишда энди оташкесимга рози бӯлишган. Биз оташкесим бӯлсин деймиз, аммо улар оташкесимни исташмас эди. Энди улар оташкесим эълон қилишни исташаяпти. Шундай бӯлишига ишончим комил”.

Америка президенти сафари жараёнида Багром ҳарбий базасида Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳам мулоқот қилди. Бу мулоқотда у Толиблар билан мазокараларни қайта бошлаш лозимлигини таъкидлаб, Толиблар келишувни жуда-жуда исташаётганини иддао қилди. У икки вариант таклиф қилди: ё келишув ёхуд батамом ғалабага эришилгунча Америка ҳарбийлари Афғонистонда қолади.

9 ой давом этган Америка-Толибон музокаралари 2019 йилнинг 7 сентябр куни Толибон томонидан Кобулда амалга оширилган худкушлик ҳужуми натижасида Америка ҳарбийси ҳалокати ортидан Доналд Трамп томонидан тӯхтатилди. Шундан сӯнг Трамп Толиблар билан музокаралар жараёнини ӯлган дея эълон қилди.

Америка ва Толиблар ӯртасида келишув имзоланганида Америка ҳарбийларининг 16 ойга мӯлжалланган Афғонистондан чиқарилиш жадвали амалга ошириларди.

Кейинги ҳафталарда бу музокараларнинг қайта бошланиши ҳақида гапириляпти. Трамп “Багром”даги чиқишида Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сонини 8600 нафарга етказиш ниятида эканлигини ҳам эълон қилди. Бу кучлар ҳозирги кунда 13-14 минг нафар ҳарбийни ташкил этади.

Бундан олдин Америка Мудофаа вазири Марк Э́спер ҳам 2019 йилнинг 20 октябр куни Америка Афғонистондаги кучларини 8600 нафаргача қисқартириши мумкин, деб айтган эди. Аммо Эспер Толиблар билан келишувга эришилган тақдирдагина бу иш амалга ошишини таъкидлаганди. Трамп эса август ойининг охирларида  Толиблар билан келишув имзоланганидан кейин ҳам Американинг Афғонистондаги ҳарбий иштироки давом этаверади, деб айтди.

Трампнинг Америка ҳарбийларини Афғонистондан чиқариш ҳақидаги қарама-қарши фикрлари Америка давлати ташқи сиёсатининг устивор эмаслигидан далолатдир. Бу нарса ҳали ҳам Америкада президент билан давлат тизими орасида мамлакат ҳарбийларининг Америкадаги вазияти ҳақида ихтилофлар мавжудлигини намоён этади. Бугунги кунда Америка ҳарбийларининг Афғонистондаги фаолияти давом этар экан, демак, бу мамлакатнинг давлат тизими Оқ Уйда қабул қилинаётган қарорларни менсимай келади.

Ҳар ҳолда Доналд Трамп 2020 йилнинг ноябр ойида бӯлиб ӯтадиган президентлик сайловида ғолиб келиши учун ташқи сиёсатда қӯлга киритган муваффақиятларини таъкидлашга мажбур. Америка ҳарбийларининг Афғонистондан чиқарилиши ана шундай мавридлардан бири бӯлиши мумкин.

 

 

Ёрлиқ