май 11, 2021 15:25 Asia/Tashkent

ОАВ хабарига кўра, Татаристон пойтахтида рўй берган ҳодиса оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлган, 30дан ортиқ киши шифохонага ётқизилган. Ҳужум қилганлардан бири қўлга олинган, иккинчиси отиб ўлдирилган.

11 май куни Россиянинг Қозон шаҳридаги Жавдат Файзи кўчасида жойлашган 175-мактабда отишма рўй берди. 

РИА Новости хабарига кўра, отишмадан кейин портлаш овози ҳам эшитилган. Интернетда тарқалган видеолардан бирида ўқувчиларнинг икки нафари тўртинчи қаватдан ўзини ташлагани акс этган.

Сўнгги маълумотларга кўра, мактабга икки нафар қуролланган шахс бостириб кирган ва ўқувчиларни ўққа тута бошлаган. Ҳужум қилган шахс кўп ўтмай мактаб ҳовлисида қўлга олинган.

Baza манбаси қўлга олинган шахс ҳақида маълумотлар келтирган — у 19 ёшли Ильназ Галявиев бўлиб, тўрт йил муқаддам ушбу гимназияни тамомлаган, ҳозирда коллежда ўқийди.

Воқеа жойида интервью берган Татаристон президенти Рустам Минниханов жиноятчи ёлғиз ҳаракатлангани, унинг «бошқа шериклари аниқланмагани» ҳақида маълум қилди. Иккинчи ҳужум қилувчи ҳақидаги маълумотлар полиция томонидан ҳам рад этилди.

РБК манбаси маълумотига кўра, жиноятчига шерикликда гумон қилиниб, 41 ёшли Рамиль Мухамедшин қўлга олинган.

Отишма оқибатида камида 11 киши ҳалок бӯлган. Шунингдек, 32 киши жароҳатлангани маълум. Мактаб ҳудуди ўраб олинган. Ўқувчилар қўшни бинога кўчирилган. Деразалардан сакраганларнинг икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлган.

 

 

Ёрлиқ