август 21, 2019 17:06 Asia/Tashkent

« Сод " муборак сураси  75-78-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Сод” муборак сураси  75-76- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قَالَ يَا إِبْلِيسُ مَا مَنَعَكَ أَن تَسْجُدَ لِمَا خَلَقْتُ بِيَدَيَّ ۖ أَسْتَكْبَرْتَ أَمْ كُنتَ مِنَ الْعَالِينَ ﴿٧٥ قَالَ أَنَا خَيْرٌ مِّنْهُ ۖ خَلَقْتَنِي مِن نَّارٍ وَخَلَقْتَهُ مِن طِينٍ﴿٧٦ 

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

У зот: «Эй Иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди. (75) У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни лойдан яратгансан», деди. (76)

Ӯтган суҳбатимизда энг биринчи инсон яратилгач, Аллоҳ таъоло фаришталарга унга сажда қилишни буюрди ва барчаси сажда қилишди. Фақат иблис саркашлик қилиб сажда қилмади, деб айтган эдик.

Бу ояти карималарда буюрилади: Аллоҳ Иблисдан нима учун сажда қилмаганини сӯради. Мақом-мартабанг шунчалик юксакмиди, одамга сажда қилишинг арзимас бӯлиб кӯриндими? Ёхуд кибр- ғуруринг одам қаршисида тавозеъли бӯлишингга йӯл қӯймадими?!

Аммо Иблис хатосини англаб, тавба қилиш ӯрнига  одамнинг ӯзидан паст мавжудот эканлиги ва унга сажда қилишга лойиқ эмаслигини  айтди. У ӯзининг афзаллигини исботлаш учун деди: Мен оловдан яралганман, одам эса тупроқдан. Табиийки, олов тупроқдан кӯра афзалдир.

Иблиснинг бу муқоясаси ҳақида бир неча нуктани эслатмоқ жоиз:

1.Бу муқояса дуруст эмас. Зеро, оловнинг тупроқдан афзаллигини кӯрсатувчи бирор-бир мантиқий далил йӯқ.

2. Ҳатто агар Иблис одамдан кӯра афзал бӯлса ҳам Аллоҳ сажда қилишни буюргач, одамга сажда қилиши лозим эди.Худонинг буйруғини бажармаслик нофармонликдир.

3. Одамга сажда қилиш буйруғи унинг тупроқдан яралгани сабабли эмас, балки унга Аллоҳнинг руҳи дам урилгани учун эди. Ана шу муборак руҳ уни барча мавжудотнинг афзалига айлантирди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Гунаҳкорларга ҳам сӯзлаш имкониятини  бериш керак. Улар сӯзлаганда гуноҳларининг илдизларини фош қилишади.
  2. Инсоннинг яратилиши барча мавжудотнинг яратилишидан фарқ қилади. Фақат ердаги махлуқлар эмас, балки осмон фаришталари ва жинлар ҳам инсоннинг мақом-мартабасига етолмайдилар.
  3. Аллоҳнинг буйруғига сӯзсиз таслим бӯлиш керак. Уни бажармаслик учун турли шарҳ-изоҳ келтириш ярамайди.
  4. Аллоҳга сажда қилмайдиганларга кибр-ғурурлари бу ишни қилишга йӯл қӯймайди.
  5. Ирқчилик, бир ирқни бошқасидан устун деб билиш шайтоний  қилмишлардан биридир.

Энди  “Сод” муборак сураси   77-78- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قَالَ فَاخْرُجْ مِنْهَا فَإِنَّكَ رَجِيمٌ ﴿٧٧﴾ وَإِنَّ عَلَيْكَ لَعْنَتِي إِلَىٰ يَوْمِ الدِّينِ ﴿٧٨﴾

Бу ояти карималар    қуйидагича таржима қилинган:

У зот: «Сен ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан. (77) Ва, албатта, сенга жазо кунигача Менинг лаънатим бўлгай», деди. (78)

 Иблис жинлар тоифасидан бӯлиб, йиллар давомидаги тоат-ибодатлари сабабли фаришталар сафидан жой олганига қарамасдан одамга сажда келтирмагани унинг Аллоҳ фармонига таслим эмаслиги, ӯзи истаган ишни бажаришга мойил эканлигини кӯрсатди.  Унинг саргузашти машаққат чекиб чиқиши ӯта қийин бӯлган тоғнинг теппасига кӯтарилган, аммо бир лаҳзалик ғафлат натижасида оёғи тойилиб, пастга қулаб тушган кишини эслатади.

Бу ояти карималар асосида Иблис Аллоҳ даргоҳидан қувилганидан ташқари қиёмат кунигача у Аллоҳнинг лаънатига лойиқ деб топилган.

Биргина нофармонлик учун шунчалик оғир жазонинг сирри нимада? – деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, нофармонлик ӯзи ёмон амал, аммо ундан ҳам ёмони нофармонлик учун ӯзини оқлашдир.

Ҳазрат Одам ҳам жаннатда нофармонлик қилиб, таъқиқланган мевадан тановул қилди. Аммо  Иблис билан Одамнинг фарқи шундаки,  Одам ӯзини оқлашга уринмади, балки  хатосини англаб, тавба-тазарру қилишга киришди. Худо унинг сидқидилдан қиган тавбасини қабул қилиб, ӯзининг хос раҳматига восил айлади.

Аммо шайтон тавба қилиш ӯрнига ӯзини оқлашга киришди ва Аллоҳнинг лаънатига қолди.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Кибр-ғурур кишини Аллоҳнинг раҳмати ва унинг неъматларидан маҳрум айлаб, тубанликка тортади.
  2. Аллоҳнинг қонуниятларига амал қилмай, улардан бӯйин товлаган кишилар жамиятдан четлаштирилиши керак. Жамиятнинг масъулиятлари иймонли ва тӯғрисӯз киишларга топширилиши лозим.
  3. Ҳасад, гина-кудуррат ва кибр-ғурурга берилган кишиларнинг  жамиятдаги мавқеълари қилмшларига яраша бӯлиши керак.

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ