сентябр 28, 2019 19:06 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл--857

«Ғофир" муборак сураси  1-6-ояти карималарининг шарҳи.

Азизлар, ӯтган суҳбатимизда “Зуммар” муборак сурасининг шарҳини тугатган эдик. Бугундан бошлаб “Ғофир” муборак сурасининг шарҳига киришамиз.

85 ояти каримадан иборат бу муборак сура Макка шаҳрида нозил бӯлган. Бошқа маккий суралар каби “Ғофир” сурасининг оятларида ҳам тавҳид, нубувват ва қиёмат каби эътиқодий мавзулар шарҳланган.

Муборак суранинг 3-ояти каримасида Аллоҳ таъоло Ғофир, яъни гуноҳларни кечирувчи сифати билан васф қилингани сабабли сура “Ғофир” деб номланган. Унинг деярли йигирма ояти Оли Фиръавн муъминлари саргузаштига бағишлангани сабабли уни “Муъмин” сураси деб ҳам аташади.

Дастлаб “Зуммар” муборак сураси  1-3- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

حم ﴿١﴾ تَنزِيلُ الْكِتَابِ مِنَ اللَّـهِ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ ﴿٢﴾ غَافِرِ الذَّنبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ شَدِيدِ الْعِقَابِ ذِي الطَّوْلِ ۖ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ ۖ إِلَيْهِ الْمَصِيرُ ﴿٣﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Бисмиллаҳир роҳманир раҳийм.

Ҳа-а. Мийм. (1) Бу китобнинг нозил қилиниши азизу ўта илмли Аллоҳ томонидандир. (2) У гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир. (3)

“Ғофир” муборак сураси ҳам Қуръони каримнинг яна 28 сураси каби мақаттаъот ҳарфлар билан бошланган. Муқаттаъот ҳарфлар эса илгари таъкидлаганимиздек, ӯзидан кейинги оятга таважжуҳ қилинса, Қуръони карим улуғлига ва азаматини баён айлайди.

Яъни бу қадар улуғлик ила азиз ва ҳаким Аллоҳ томонидан нозил бӯлган китоб барча инсонлар биладиган  оддий алифбонинг ҳарфларидан ташкил топган, аммо сиз бунга ӯхшашини келтиролмайсиз.

Кейинги ояти каримада Аллоҳ таъоло бешта Илоҳий сифат билан тасвирланади ва бу сифатларнинг барчаси башоратнинг омилидир. Бу сифатлар бир томондан гунаҳкорларга агар тавба қилсангиз, Худо гуноҳларингиздан ӯтиб, сизни кечиради деган умид бағишлайди. Иккинчи томондан уларни гуноҳ қилишда давом этсангиз, Аллоҳнинг буйруқларини бажармасангиз, оғир азобларга гирифтор бӯласиз, дея огоҳлантиради.

Ояти карималарнинг охирида неъматлари барчани қамраб олган ягона Аллоҳдан ӯзга ҳеч ким ва ҳеч нарса сиғинишга лойиқ эмас, дея қатъий таъкидланади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръони карим аҳли башар тушунадиган бир шаклда нозил бӯлган улуғ Аллоҳнинг каломидир.
  2. Қуръон Аллоҳнинг чексиз илми жилвасидир. Шу сабабли бирор-бир мантиқ у билан бас келолмайди.
  3. Қуръонга боғланиш мусулмонларнинг дунёда азиз ва қудратли бӯлишларига сабаб бӯлади, зеро, у азиз ва ҳикматли Аллоҳ томонидан нозил бӯлган.
  4. Қуръон яратилиш ва охират кунини таниш учун нозил этилган. У инсонга камолотга етиш, Аллоҳ га қурб ҳосил қилиш йӯлини кӯрсатади.

Энди  “Зуммар” муборак сураси   4-6-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

مَا يُجَادِلُ فِي آيَاتِ اللَّـهِ إِلَّا الَّذِينَ كَفَرُوا فَلَا يَغْرُرْكَ تَقَلُّبُهُمْ فِي الْبِلَادِ ﴿٤﴾ كَذَّبَتْ قَبْلَهُمْ قَوْمُ نُوحٍ وَالْأَحْزَابُ مِن بَعْدِهِمْ ۖ وَهَمَّتْ كُلُّ أُمَّةٍ بِرَسُولِهِمْ لِيَأْخُذُوهُ ۖ وَجَادَلُوا بِالْبَاطِلِ لِيُدْحِضُوا بِهِ الْحَقَّ فَأَخَذْتُهُمْ ۖ فَكَيْفَ كَانَ عِقَابِ ﴿٥﴾ وَكَذَٰلِكَ حَقَّتْ كَلِمَتُ رَبِّكَ عَلَى الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّهُمْ أَصْحَابُ النَّارِ ﴿٦﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақатгина куфр келтирганлар талашиб-тортишурлар. Бас, уларнинг юртларда айланиб юришлари сени алдаб қўймасин. (Кофирлар ҳукм ва султонга, бошқа нарсаларга эга бўлишлари мумкин, бу ҳоллар мўмин кишини алдаб қўймаслиги керак.) (4) Улардан олдин Нуҳ қавми ва улар кетидан келган фирқалар ҳам ёлғончи қилган эдилар. Ҳар уммат ўз Пайғамбарини тутишга қасд қилди ва ҳақни йўқотиш учун ботил ила мужодала этди. Бас, Мен уларни тутдим. Бас, Менинг иқобим қандай бўлди! (Ана ўша ўтган умматлардан ҳар бири ўз Пайғамбарини тутиб, ўлдирмоқни қасд қилди. Суи қасд кофирларнинг қадимий одати.) (5) Куфр келтирганларга ҳам Роббингнинг (азоб) сўзи худди ана шундай ҳақ бўлди. Албатта, улар дўзах эгаларидир. (6)

Бу ояти карималар: бировлар динингизга қарши чиқиб, ҳақни маҳв қилмоқчи бӯлишса, умидсизланманг,  зеро, бутун тарих давомида кофирлар ва дин душманлари фақат динга эргашувчиларга эмас, балки Аллоҳнинг пайғамбарларига ҳам қарши курашганлар. Уларни ҳақ йӯлдан қайтариш учун турли туҳматлар тӯқиб чиқаришган,  дея Расули акрам (с), саодат асри мусулмонлари ва кейинги даврларда исломга эргашувчиларга далда берилади.

Мана бугун гувоҳ бӯлиб турибмиз: дунёнинг мустабид қудратлари махсус йиғилиш, учрашув ва конференсиялар, ҳарбий машқлар ӯтказиб, турли коалитсиялар тузиб ӯз қудратларини кӯз-кӯз қилишади. Улар бу йӯл билан дунё халқларини таҳликада ушлаб турмоқчи бӯлишади. Аммо муминлар бу ҳийла-найрангларга учмаслиги, уларнинг зоҳирий қудратларига мафтун бӯлиб қолмасликлари керак.

Тарих бундай кибрли, ман-манликка берилган кишиларни кӯп кӯрган ва уларнинг ҳақ интиқоми наздида не чоғлик заиф ва ночор эканликларини бот-бот исботлагандир.

Охир-оқибат ҳақ ғолиб келади. Золимлар эса қилган жиноятларига яраша дунё ва охиратда Илоҳий азобга гирифтор бӯлишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Аллоҳга қарши боришнинг илдизи куфрдир. Ҳақ билан жангга киришишдан Аллоҳнинг ӯзи асрасин.
  2. Барча одамларнинг иймон келтиришини кутиш жоиз эмас. Бировларнинг инкор ва куфр келтириши бизни умидсизлантирмаслиги лозим.
  3. Куфрнинг йӯлбошчилари ҳаққа қарши кураш ва мусулмонларнинг кӯзини қӯрқитиш учун жуда кӯп ишларни амалга оиришади. Аммо иймон аҳли ҳийла--найранглардан воҳимага тушмасликлари лозим. Душманларнинг ҳийлалари тузоғига тушмаслик учун сергак бӯлишимиз керак.
  4. Ҳаққа қарши жараёнлар Аллоҳнинг элчиларини ёлғончига чиқариб, уларга қарши иғво-туҳматларни барпо қилишади. Улар турли услублар ила ҳаққа қарши таблиғот олиб боришади.
  5. Саркаш кофирларни жазолаш Илоҳий суннатдир. Албатта, улар ҳақиқат ва адолат асосида жазоланадилар.

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ