октябр 19, 2019 18:36 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл--863

«Ғофир" муборак сураси  26-28-ояти карималарининг шарҳи.

Дастлаб “Ғофир” муборак сураси  26- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَقَالَ فِرْعَوْنُ ذَرُونِي أَقْتُلْ مُوسَىٰ وَلْيَدْعُ رَبَّهُ ۖ إِنِّي أَخَافُ أَن يُبَدِّلَ دِينَكُمْ أَوْ أَن يُظْهِرَ فِي الْأَرْضِ الْفَسَادَ ﴿٢٦﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Фиръавн: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. Майли, Роббига дуо қилсин. Албатта, мен унинг динингизни алмаштиришидан ва ер юзида фасод чиқаришидан қўрқмоқдаман», деди. (Мантиқ билан муваффақиятга эриша олмаган, Пайғамбарни сеҳргар, каззоб, деб ҳам бирор наф топмаган золим подшоҳ энди куч ишлатишга ўтди. Туғёнга кетган ҳукмдор ўз тахтидан ажраб қолишдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашликка тайёр эканини кўрсатди. Ҳақ йўлга даъват қилувчини ўлдиришда Аллоҳни ҳам эътиборга олмаслигини билдирди. Роббига дуо қилса, қилаверсин, мен барибир уни ўлдираман, деди. Шу билан бирга, энг қизиғи, динни ҳимоя этаётган қилиб кўрсатди ўзини. Ер юзида бузуқилик бўлмаслиги учун курашяпман, деб иддио қилди.) (26)

Ояти каримада буюрилади: муъжиза ва далилларга асосланган ҳазрат Мусонинг даъватига жавобан кибр-ғурурга берилган Фиръавн сарой аҳлига қарата деди: Мусони ӯз ҳолига қӯйиб-қӯйсак, одамларни ҳукуматимизга қарши ғалаёнга бошлайди, одамларнинг динини ӯзгартириб, жамиятни фисқ-фасодга етаклайди.

Фиръавн Мусо алайҳиссаломни қатл қилиш учун иккита далил келтиради. У дейди: динларингни ӯзгартиришидан ёхуд ер юзида фисқ-фасодни ошкора жорий қилишидан қӯрқаман. Мен сукут сақласам, Мусонинг дини Миср халқининг қалбига илдиз отади. Бутпарастлик ӯрнини Мусонинг яктопарастлик дини  эгаллаб олади. Шу сабабли зудлик билан уни қатл қилиш лозим.

Албатта, Фиръавн назаридан одамларни қулликда сақлаб турувчи бутпарастлик дини тӯғри дин ҳисобланарди. Фисқ–фасод деганда эса у халойиқнинг ӯз ҳақини талаб қилиб, ҳукуматга қарши чиқишини тушунади.

Тарихдан маълумки, золим ва мустабидлар ӯз жиноятларини хаспӯшлаш учун ана шундай усуллардан маккорлик билан фойдаланишган.

Фиръавн дарборидаги айрим амалдорлар  ҳукмдорнинг бу қарорига рози эмасдилар. Улар халқ орасида катта обру-эътиборга эга бӯлган Мусо алайҳиссаломни ӯлдириш элнинг ғазабига, ҳатто кенг қамровли қӯзғолоннинг вужудга келишига  сабаб бӯлишини яхши билишарди.  

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Фиръавний золим ҳукуматларнинг асосий мантиғи ҳақ пешволарини орадан кӯтаришдан иборат.
  2. Мустабид ҳукмдорлар мавжуд режимни сақлаб қолишни ҳаётий вазифа деб билганлари сабабли ҳар қандай ислоҳталаблик ҳаракатини жамиятда фисқ-фужурни вужудга келтириш ҳамда жамиятнинг тинч-тотувлигига рахна солиш дея баҳолашади.
  3. Мустабид тузумлардаги нисбий осойишталик куч билан ислоҳотчиларнинг нафасини бӯғиб туриш эвазига қӯлга киритилади. Бу осойишталик ақида ва сӯз эркинлиги асосидаги ҳақиқий осойишталик эмас.

Энди  “Ғофир” муборак сураси   27-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَقَالَ مُوسَىٰ إِنِّي عُذْتُ بِرَبِّي وَرَبِّكُم مِّن كُلِّ مُتَكَبِّرٍ لَّا يُؤْمِنُ بِيَوْمِ الْحِسَابِ ﴿٢٧﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Мусо: «Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлган зотдан ҳисоб кунига иймон келтирмайдиган ҳар бир мутакаббирдан паноҳ сўрайман», деди. (27)

Фиръавн томонидан қатл қилиш билан таҳдид қилинган ҳазрат Мӯсо босиқ ҳолда жавоб берди: Менинг пушту паноҳим мен ва сизларнинг парвардигорингиздир. У ижозат бермагунча сиз менга ҳеч қандай зарар етказолмайсиз. Мени дунёга келган пайтимдаёқ ӯлдирмоқчи эдингиз. Аммо Худонинг буйруғи билан онам мени бир қуттига солиб, Нил дарёсига оқизди. Худонинг амри билан сиз мени сувдан олиб, ӯз уйингизда парвариш қилдингиз.

Бугун ҳам ӯша Худо менинг ҳимоячимдир. У мени сизнинг жабрингиздан қутқаради, деган умиддаман. Аммо У агар бу йӯлда шаҳид бӯлишимни ирода қилса, унинг йӯлидан жон беришга тайёрман. Хулоса, мен ӯзимни Худога топширганман ва биламан: унинг истаган нарсаси амалга ошади, сизнинг истаганингиз эмас.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Душманнинг таҳдидларидан чӯчимасдан Аллоҳдан паноҳ излаш лозим. Зеро, барча ишларимиз унинг томонидан бошқарилади. Унинг қудратидан устун келадиган қудратнинг йӯқлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак.
  2. Кибр-ғурур фиръавний хислатдир.
  3. Ҳаққа нисбатан кибр-ғурур қилиш эса Худо ва қиёмат кунига иймон келтирмасликка сабаб бӯлади.

 

Энди  “Ғофир” муборак сураси   28-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَقَالَ رَجُلٌ مُّؤْمِنٌ مِّنْ آلِ فِرْعَوْنَ يَكْتُمُ إِيمَانَهُ أَتَقْتُلُونَ رَجُلًا أَن يَقُولَ رَبِّيَ اللَّـهُ وَقَدْ جَاءَكُم بِالْبَيِّنَاتِ مِن رَّبِّكُمْ ۖ وَإِن يَكُ كَاذِبًا فَعَلَيْهِ كَذِبُهُ ۖ وَإِن يَكُ صَادِقًا يُصِبْكُم بَعْضُ الَّذِي يَعِدُكُمْ ۖ إِنَّ اللَّـهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ كَذَّابٌ ﴿٢٨﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Фиръавн аҳлидан бўлган, иймонини беркитиб юрадиган бир мўмин киши: «Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, унда у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизга етади. Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас (28)

Фиръавн аъёнлари орасида ҳазрат Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган, аммо бу ишини махфий тутадиган бир киши бор эди. У Мусонинг ҳаёти хавф остида эканлигини сезгач, уни ҳимоя қилиш мақсадида Фиръавнга деди: Мусо менинг худойим барча оламнинг худоси. Дунёнинг барча ишларини У тадбир қилади. Худо мени одамларни даъват қилиш учун пайғамбар сифатида юборган ва бунинг исботи сифатида менга муъжизалар берган, дея иддао қилади. Шу сабабли унинг даъволарини яхшилаб ӯйлаб кӯриш керак.

Мусо ё рост айтади, ёки ёлғончидир. Текшириб кӯриш керак.  Ёлғончи бӯлса, найранглари фош бӯлиб, одамлар орасида шарманда бӯлади. Аммо гаплари рост бӯлса-чи, унда Илоҳий азоб ҳақидаги ваъдалари амалга ошиб, бизни нобуд айлаши мумкин. Шу сабабли уни шошилинч ӯлдириш соғлом ақлга тӯғри келмайди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Мусо алайҳиссалом Фиръавн хавфидан нажот беришини сӯраб Худога илтижо қилди. Худо Фиръавн аъёнларидан бирини унга кӯмаклашишга масъул айлади.
  2. Баъзида хавф-хатарнинг олдини олиш учун ақл-тафаккур ила тадбир юритиш лозим.
  3. Мухолифлар билан суҳбатлашганда таассубга берилиб, бизнинг йӯлимиз тӯғри, сизники –хато, дея якравлик қилмасдан, фаҳм-фаросат билан гапириш керак.

 

 

 

 

Ёрлиқ

Шарҳ