Январ 22, 2020 19:46 Asia/Tashkent
  • Нур томон йӯл--876

«Фуссилат" муборак сураси  1-7-ояти карималарининг шарҳи.

Ӯтган суҳбатимизда “Ғофир” муборак сурасининг шарҳини тугатган эдик. Бугундан бошлаб “Фуссилат” муборак сурасининг осон ва равон шарҳини бошлаймиз. Бу муборак сура Маккада нозил бӯлган ва у 54 оятдан иборат. Бошқа Маккий суралар каби “Фуссилат” сурасининг мавзуси ҳам яратилиш, қиёмат ҳамда инсон ва жаҳонда Аллоҳ қудратининг нишоналарига бағишланган.

Дастлаб “Фуссилат” муборак сураси  1-4- ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ

حم ﴿١﴾ تَنزِيلٌ مِّنَ الرَّحْمَـٰنِ الرَّحِيمِ ﴿٢﴾ كِتَابٌ فُصِّلَتْ آيَاتُهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لِّقَوْمٍ يَعْلَمُونَ ﴿٣﴾ بَشِيرًا وَنَذِيرًا فَأَعْرَضَ أَكْثَرُهُمْ فَهُمْ لَا يَسْمَعُونَ ﴿٤﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан.

Ҳа-а. Мийм. (1) (Бу) Роҳман ва Раҳийм томонидан нозил қилинган. (2) Биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган китобдир. (3) Хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган ҳолидадир. Бас, кўплари ундан юз ўгирдилар. Энди улар эшитмаслар. (4)

Азизлар, Қуръони каримнинг 29 сураси муқаттаъот ҳарфлар билан бошланишини айтган эдик. Бу сураларда муқаттаъот ҳарфлардан сӯнг Қуръони каримнинг азаматига ишора қилинган.

“Фуссилат” муборак сураси ҳам “ҳ” ва “мим” ҳарфлари билан бошланиб, ундан кейин бу самовий китобнинг Илоҳий раҳмат сарчашмасидан  нозил бӯлиши ҳақида гап боради.

Қайд қилиш жоизким,  Қуръони каримнинг оятлари битик сифатида нозил бӯлмаган ва пайғамбаримиз (с) ҳам уни китобат қилмаганлар, балки муборак қалбларига ваҳий бӯлган нарсаларни одамларга қироъат қилиб берганлар. Шу сабабли бу самовий китоб Қуръон деб номланган. Расули акрамнинг топшириқлари билан ул ҳазратнинг ёронларидан 4 нафари ҳазрат қироъат қилган оятларни ёзиб боришган. Шу сабабли унинг номларидан бири “Китоб”дир.

Қуръони карим фасоҳатли араб тилида нозил бӯлди ва унинг оятлари ҳақиқатни англаш ниятидаги инсон учун тушунарлидир.

Бу Илоҳий китоб огоҳлантириш ва башорат орқали кишига маърифат бахш этиш билан биргаликда одамни яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтаради.

Илоҳий пайғамбарлар даъвати ва самовий китоблар кишиларнинг нафсоний ва ғаразли тамойилларини чеклагани сабабли одамларнинг кӯпи улардан юз ӯгиришга ҳаракат қилишган. Зеро,  уларнинг даъвати одамларга хоҳлаган гапини айтиб, хоҳлаган ишини қилишга ижозат бермасди.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръони карим ҳазрат Муҳаммад (с)нинг эмас, балки Аллоҳнинг сӯзидир. Бу улуғ китобнинг мазмуни ҳам Парвардигори каримнинг ҳад-ҳудудсиз раҳматидан олинган. Унинг таълимотига амал қилиш инсоният жамиятининг ривожланиши,  гуллаб-яшнашига сабаб бӯлади.
  2. Қуръони каримда одамларнинг камолоти ва ҳидоят топишига лозим бӯлган нарсалар турли услубларда батафсил баён этилган.
  3. Қуръони карим инсонларга илм, маърифат ва сергаклик бахш этади. Ҳақиқатни англаш ниятидаги кишилар Қуръонга мурожаат қилишлари керак.
  4. Тарбиянинг меъёрларига кӯра ҳадик ва умид, башорат ва огоҳлантиришнинг ёнма-ён келиши лозим. Буларнинг бирига эътибор қаратиб, бошқасидан ғафлатда қолиш ӯнглаб бӯлмас оқибатларни келтириб чиқаради.

Энди  “Фуссилат” муборак сураси   5-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:

وَقَالُوا قُلُوبُنَا فِي أَكِنَّةٍ مِّمَّا تَدْعُونَا إِلَيْهِ وَفِي آذَانِنَا وَقْرٌ وَمِن بَيْنِنَا وَبَيْنِكَ حِجَابٌ فَاعْمَلْ إِنَّنَا عَامِلُونَ ﴿٥﴾

Бу ояти карима  қуйидагича таржима қилинган:

Улар: «Қалбларимиз сен даъват қилаётган нарсадан ғилофлардадир, қулоқларимизда оғирлик бор, сен билан бизнинг орамизда эса, парда бор. Бас, сен амалингни қилавер, биз ҳам, албатта, ўз амалимизни қилгувчилармиз», дедилар. (Бу оятда мушрикларнинг Қуръони Карим ва Ислом даъватига муносабатлари ажойиб бир услуб билан баён қилинмоқда.) (5)

Бу ояти каримада Макка мушрикларининг Расули акрам даъватига кӯрсатган аксиламалларига ишора қилиниб, буюрилади:Пайғамбар уларга Қуръонни тиловат қилгани чоғи уни тинглаб, мазмунини англаш ӯрнига Расули акрам (с)ни қилаётган ишидан умидсизлантириш учун дейишарди: Эй Муҳаммад! Беҳуда уринаверманг. Бизнинг қулоқларимиз оғир, сӯзларингни эшитмаймиз. Қулоғимиз эшитганда ҳам қалбимизга таъсир қилмайди. Шундай экан, бизни ӯз ҳолимизга қӯй. Хоҳлаган ишимизни қилиб юраверайлик. Биз ҳам сени ӯз ҳолингга қӯямиз, истаганинг ҳолатда яшайвер.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръони каримнинг оятлари муносиб заминга қуйилган пайти уни гуллаб-яшнатадиган ёмғир мисолидир. Аммо бу ёмғир тошга ёғилса у ӯзгаришсиз қолаверади. Якрав кишиларнинг қалби ҳам худди шунга ӯхшайди.
  2. Тингловчи ҳақни қабул қилишга мойил бӯлмаса ҳатто унга пайғамбарнинг сӯзи ҳам асар қилмайди.
  3. Таассуб ва тақлидлар кишиларнинг қалбини ҳижоб каби чирмаб, уларни ҳақиқатни қабул қилишдан тӯсиб қолади.

Энди  “Фуссилат” муборак сураси   6-7-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:

قُلْ إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ مِّثْلُكُمْ يُوحَىٰ إِلَيَّ أَنَّمَا إِلَـٰهُكُمْ إِلَـٰهٌ وَاحِدٌ فَاسْتَقِيمُوا إِلَيْهِ وَاسْتَغْفِرُوهُ ۗ وَوَيْلٌ لِّلْمُشْرِكِينَ ﴿٦﴾ الَّذِينَ لَا يُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُم بِالْآخِرَةِ هُمْ كَافِرُونَ ﴿٧﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Сен: «Мен ҳам сизга ўхшар башарман, холос. Менга, албатта, илоҳингиз ягона илоҳдир, дея ваҳий қилинур. Бас, Унинг Ўзигагина тўғри юзланинг ва Унга истиғфор айтинг. Мушриклар ҳолига вой бўлсин. (6) Улар закотни адо этмаслар ва улар ўзлари охиратда куфр келтиргувчилардир. (7)

Таассуб ва якравликка берилган мушрикларга қарши Аллоҳнинг Расули (с) дер эдилар: Мен ҳам сизларга ӯхшаган одам фарзандиман. Худолик ёхуд сизлардан устунликни даъво қилаётганим йӯқ. Мен сизларнинг ирқингиз, қавм-қабилангизданман. Фарқимиз шулки, менинг қалбимга ширк ва бутпарастликдан қӯл тортиш ва сизларни ҳам ягона Аллоҳга даъват этишим ҳақида ваҳий келади.

Мен сизларни айтганимни қилинг, деб мажбурламоқчи эмасман. Фақат сизларга ҳақ йӯлни кӯрсатаман ва Аллоҳ сизларни кечириши учун ӯтган ишларингиздан қӯл тортиб Худонинг йӯлидан юришингизни сӯрайман.

Ояти кариманинг охирида мушриклар ширк ҳолатда қолиб кетишнинг оқибати жуда ёмон эканлиги ҳақида огоҳлантирилади.Сӯнгра мушрикларнинг икки асосий хусусиятига ишора қилинади: биринчиси, қиёмат кунига куфр келтириб, уни инкор қилиш. Иккинчиси муҳтожларга эътибор қаратмай, уларга кӯмаклашмаслик. Зеро, Худога эътиқод қилмаган киши ҳамма нарсани ӯзи учун бӯлишини истайди, бошқаларга нисбатан фарқсиз бӯлади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Илоҳий пайғамбарлар одамларни Худога даъват қилишади, ӯзларигамас. Уларнинг мақсади одамларни ташқи тоғутлар ва ички ҳавою-ҳаваснинг қуллигидан озод қилишдир.
  2. Аллоҳнинг якка-ягоналигига ишонч одамнинг барча ишларида ӯз аксини топиши керак.Тавҳид фақат ишонч эмас, балки инсоннинг ҳаётдаги дастуруламалидир.
  3. Мӯмин киши тавҳид йӯлида собитқадамдир. Иймон иддао қилиш билан ҳосил бӯлмайди. Закот бермайдиган кишининг вужудида ширк ва куфр нишоналари мавжуд.

 

Ёрлиқ

Шарҳ