феврал 13, 2020 13:35 Asia/Tashkent
  • Қутб ёғдусининг янги тури кашф этилди

Финляндиялик олимлар қутб ёғдуси ёки, бошқача айтганда, шимол шафақининг янги турини кашф этди.

Ушбу янги турдаги ёғдуга «қум тепаликлари» деб ном берилди. Сабаби, мазкур ёғду ҳам худди саҳродаги қум тепаликлари сингари тўлқинсимон кўринишда бўлиб, у ўша баландликдаги кислороднинг зичлигига қараб, «ўркач» ва «ботиқ» манзаралар ҳосил қилади.

Янги турдаги қутб ёғдусини олимлар ҳаваскор астрономлар тақдим қилган фотосуратларни таҳлил қилиш асносида кашф қилди. Бу борадаги муфассал мақолани AGU Advances журнали эълон қилди. Фотосуратларни эса Revontulikyttääjät номли ҳаваскор астрономлар гуруҳи тақдим этди.

Қутб ёғдуси атмосферанинг юқори қатламларида рўй берадиган физик ҳодиса бўлиб, бунда коинотдан, асосан Қуёшдан келаётган зарядланган зарраларнинг Ер атмосфераси юқори қатламларидаги газлар, хусусан, азот ва кислород атомлари билан тўқнашиши натижасида ёғду пайдо бўлади. Жараёнда Ернинг магнит майдони катта аҳамият касб этади.

Авваллари қутб ёғдусининг турли кўринишдаги шакллари, масалан, тож, спирал, ёй кўринишлари фанга маълум эди. Эндиликда эса, саҳродаги қум тепаликларига ўхшаш тури ҳам маълум бўлди. Кашфиёт Хельсинки университети ва ҳаваскорлар ўртасидаги ҳамкорлик натижаси экани алоҳида диққатга сазовордир.

Олинган расмларни кўриб чиқаётган университет олимлари авваллари кузатилмаган янги турдаги ёғдуга дуч келишганини сезиб қолди. Олиб борилган кейинги кузатишлар эса, «қум тепаликлари» кўринишидаги ёғду тахминан 100 километр баландликда, атмосферанинг учинчи қатламининг юқори қисмида, яъни, мезосферада рўй беришини кўрсатди. Қизиғи шундаки, ушбу ёғду асосан яшил рангда намоён бўлади ва бунинг сабаби, ўша баландликдаги кислород зичлиги билан боғлиқ экан. Бундан ташқари, тўлқинсимон ёғду юзага келишига омил сифатида, атмосферанинг турли қатламлари орасидаги ҳароратлар фарқининг кескин фарқ қилиши ҳам таъсир қилар экан.

 

Ёрлиқ

Шарҳ