май 16, 2020 21:04 Asia/Tashkent
  • Қандай вирус турлари бор?

XIX асрнинг 80-йилларида қутуриш касаллиги сабабларини текширар экан, Луи Пастер, қутуришдан ўлган ҳайвонларнинг умуртқа мияси касаллик манбаи ва тарқатувчиси бўлиши эҳтимолини пайқади.

Лекин, у қутуришни қўзғатувчи бактерияларни топа олмади. Пастер юқумли касалликларни бактериялар томонидан қўзғатилиши ҳақидаги ўз назариясини тугаллашидан аввал, ушбу кузатишлар унинг барча касалликларни микроорганизмлар ташийди деган ақидасига шубҳа уйғота олмаган эди. Хусусан, қутуриш билан бўлган ҳолатда Пастер, ушбу ёмон хасталик қўзғатувчисини, яъни, инфекцион агентини кўришга шунчаки микроскопи ожизлик қилмоқда деб ишонган. Ва кейинчалик, одатдагидек у ҳақ бўлиб чиқди.

1892 йилда рус тадқиқотчиси Дмитрий Ивановский мозаик касаллик билан зарарланган тамаки ўсимлиги баргларидан ғалати шира ажратиб олди. Ушбу касаллик билан зарарланган ўсимлик баргида турли ўлчам ва шаклдаги ғуж-ғуж яшил доғлар пайдо бўлар эди. Ивановский ушбу ширани бактериал фильтрдан ўтқазди ва кейин у билан соғлом ўсимликларга ишлов бериб кўрди. Лекин, бактериялардан халос бўлган шира барибир бошқа соғлом ўсимликларни зарарлашда давом этар эди. Ушбу ширани олим фильтрланувчи вирус деб номлаган.

Ғалати жойи шунда эдики, касалликни ташувчи шира суюқлиги ушбу касалликни қўзғатувчи тирик микроорганизмлардан ҳолидек таассурот уйғотар эди (яъни, унда микроорганизмлар кўринмасди). 

Вирус сўзи лотин тилида «заҳар» маъносини билдиради. Инфекцион касаллик ҳақида гап кетаётганда, агар уни вирулент деб изоҳланса, демак бу ўлимгача олиб бориши мумкин бўлган инфекция бўлади.

Ивановский ўша шира билан тажрибаларни давом эттирди ва уни жуда-жуда майда ғоваклардан иборат фильтрдан ўтказиб, шундай фильтрда касаллик ташувчиси бўлган микроорганизмлар тутилиб қолаётганини аниқлади. Шунга кўра, олим ушбу қўзғатувчи-ташувчи нарса ўлчами фавқулодда кичик микроорганизм эканини билиб олди.

Ивановскийнинг тажрибаларини кейинчалик голланд ботаниги ва микробиологи Беерник ҳам муваффақиятли такрорлади. Лекин у тамаки мозаикаси касаллиги қўзғатувчиси тирик организм эканини исботлаган ҳолда, унинг эрувчан эканини ҳам эътироф этиб, бироз хато қилди.

1916 йилда АҚШлик микробиолог Аллард ширани янада майда, ўта майда ғоваклардан иборат фильтрдан ўтказди ва натижада, касалликни ташимайдиган, тоза шира олишга эришди. Унинг фильтри вирусни тутиб қолган эди. Алларднинг тажрибалари Ивановский ва Пастернинг ишларини қатъий исботлаб берди. Касаллик қўзғатувчиси ҳақиқатан ҳам жуда майда ўлчамли, зарра даражасидаги кичик мавжудот экани аён бўлди.

Ваниҳоят, 1935 йилда Америкалик вирусолог Уилям Стенли тамаки мозаикаси касаллиги сабабчиси бўлган вирусларни кристалл ҳолатида ажратиб олишни уддалади. Бу вирусни шунингдек, дастлабки тадқиқотчиси Ивановский шарафига Ивановский вируси ҳам дейишади.

Вируснинг кристалл структурасини ўрганиш орқали, Стенли, ушбу вирус мураккаб протеин, яъни, оқсил молекуласидан иборат эканини аниқлади. Кўплаб мамлакатларнинг олимлари умумий саъй-ҳаракатлари эвазига, вируслар аслида ҳужайрали организм эмаслиги ва улар ўзидан кўра юксакроқ тузилишга эга бошқа организмлар ҳужайраларидагина кўпайиши мумкинлиги аниқланди.

Ҳозирги пайтда вирусларнинг бир неча юз хиллаб тури аниқланган ва йилдан-йилга янги-янги турдаги вируслар кашф этилиши давом этмоқда. Улардан айримлари ҳақида қуйида тўхталиб ўтамиз.

Аденовируслар – бурун-ҳалқум безларида учрайдиган турдаги вируслар бўлиб, уларнинг номи ҳам шундан келиб чиққан. Яъни, юнончада «без» маъносини берувчи сўз adena тарзида янграйди. Ўпка яллиғланиши, аденоидлар ҳамда, айрим ошқозон-ичак касалликларининг қўзғатувчиси айнан шу вируслар бўлади.

Герпес вируслари – турли хил тошма касалликлари, тутқаноқ қўзғатувчи касалликлар манбаи. Номи юнончада «темиратки» маъносини берувчи hèrpes сўзидан олинган.

Коксаки вируслари – тана қисмларини фалаж ва шол қилувчи вируслар. Масалан полиомиелит сингари хасталиклар шундай вирусдан келиб чиқади. Номининг келиб чиқиши Нью-Йорк штатидаги Коксаки шаҳарчаси номи билан боғлиқ. Чунки, ушбу вирус биринчи марта айнан шу шаҳар аҳолиси орасида кўп тарқалган фалажлик касалликларини текшириш вақтида аниқланган эди.

Рабдовируслар – таёқчали вируслар бўлиб, қутуриш касаллиги қўзғатувчиси ҳам айнан шу туркум вируслар сафига киради. Номининг келиб чиқиши юнончада «таёқча» маъносини берувчи rhabdos сўзига бориб тақалади.

Энтеровируслар – юнончада «ичак» маъносини берувчи entera сўзидан олинган ушбу ном остидаги вируслар туркуми ўзининг танадаги яшаш жойига кўра шундай аталади. Яъни, бундай вируслар ичакларда макон топади ва турли хил ичак ва ҳазм системаси касалликларини қўзғатади.

Риновируслар – оқсим касали, ҳамда, ўткир респиратор касалликлар, шу жумладан, ринит касали қўзғатувчиси бўладиган вируслар туркуми бўлиб, номи юнон тилида «бурун» маъносини берувчи rhinos сўзидан олинган.

A, B, C турдаги грипп вируслари – аслида номи анча мураккаб бўлган вируслар бўлиб, илмий адабиётларда уларни ортомиксовируслар дейилади. Ушбу термин ҳам юнон тилидан илдиз олган. Гриппда одатда бурундан шилимшиқ оқиши ва бурун битиши содир бўлади. Юнонларда шилимшиқ манқани мйха дейилади. Оrtos сўзи эса уларда «тўғри» ва «текис» маъноларини англатади.

Коронавируслар – бошқа вируслардан фарқли равишда, ташқи қисмида алоҳида чиқиб кўриниб турувчи тожга ўхшаш шокилалари бўлгани учун шундай номланган. Corona - «тож» дегани эканини ҳамма яхши билади менимча.

Одамга юқадиган коронавируслар илк бора 1965 йилда аниқланган бўлиб, кейинги йиллар давомида ушбу турдаги вируслар деярли эътиборда бўлмаган. Фақат 2002-2003 йилларда Хитойда биринчи марта кузатилган SARS инфекцияси эпидемиясидан кейин ушбу турдаги вирусларнинг нақадар хатарли экани маълум бўлди. Коронавируслар РНК тутувчи эканлиги билан ҳам ажралиб туради. 2020 йил январ ҳолатига коронавирусларнинг 40 тури аниқланган. Шундан, ҳозирги COVID-19 пандемиясини қўзғатган энг юқувчан вирус бу SARS-Cov-2 тури бўлиб, у беморларда атипик пневмония келтириб чиқариши билан илк бора 2019 йил декабри охирларида Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган эди.

Ёрлиқ

Шарҳ